2021 йил 15 июлдан бошлаб талабалар ўқишини кўчиришнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади, унга мувофиқ:

а) талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган (шу жумладан, халқаро рейтингларда биринчи 1 000 та ўриндан бирини эгаллаган) олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда:

  • талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
  • тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари жорий йил 25 июлга қадар, кейинчалик ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;
  • ўтиш баллидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
  • тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;
  • б) талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди;

в) талабалар ўқишини Ўзбекистоннинг бир ҳудудида жойлашган давлат олий таълим муассасасидан бошқа ҳудудидаги давлат олий таълим муассасасига кўчиришда:

  • ўқишни мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга узрли сабаблар мавжуд бўлганда рухсат этилади. Бунда, ўқишни кўчириш сўралаётган ҳудудда мос ва турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, ўқишни мазкур ҳудуддаги олий таълим муассасасининг бошқа таълим йўналишига кўчиришга рухсат этилади;
  • талабанинг республика бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтиши, турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилиши, никоҳ тузгандан кейин турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтиши узрли сабаблар этиб тан олинади;
  • талабаларнинг ўқишини узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади (мазкур кичик банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно);