Ўзбекистон | 13:13 / 26.06.2021
11392
3 дақиқада ўқилади

«Банк сири тўғрисида»ги ва «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш киритилмоқда

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Парламент юқори палатасининг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама марказида бўлди.  

Қонуннинг мақсади жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи томонидан Ўзбекистон миллий тизимини баҳолашнинг иккинчи босқичини муваффақиятли ўтказишга тайёргарлик доирасида ФАТФ тавсияларини қонунчиликка имплементация қилишдан иборат.

Қонун билан амалдаги 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Биринчидан, “Банк сири тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш орқали жиноий йўл билан олинган мол-мулкни аниқлаш, хатлаш ва мусодара қилишни таъминлаш мақсадида банк сирини ташкил этувчи маълумотларни прокурор санкциясига асосан прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув, терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув органларига тақдим этиш тартиби белгиланмоқда.

Қонунга ўзгартиш киритиш орқали терговга қадар текширув материаллари ва жиноят иши доирасида Марказий банкнинг маълумотлар базасидан ҳисобварақалар ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган режимда олиш тартиби кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида банк сирини ташкил этувчи маълумотларни алмашиш тартиби белгиланмоқда.

Иккинчидан, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш орқали 6 та тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан прокурор санкцияси билан банк сирини ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.

Жумладан, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокурорнинг санкцияси билан қуйидагиларга тақдим этилиши белгиланмоқда:

  • биринчидан, прокуратура, дастлабки тергов ва суриштирув органларига –уларнинг иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни аниқлаш, етказилган зарарни ундиришни ёки мол-мулкни хатлашни таъминлаш мақсадида терговчининг ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига кўра;
  • иккинчидан, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга – уларнинг иш юритувидаги тезкор-қидирув ишлари бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган асослантирилган қарор асосида.

Билдирилишича, қонуннинг қабул қилиниши:

  • БМТ конвенциялари талаблари ҳамда ФАТФ тавсиялари миллий қонунчиликка имплементация қилинишига;
  • Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи томонидан Ўзбекистоннинг миллий тизимини баҳолашнинг иккинчи босқичи муваффақиятли ўтишини таъминлашга;
  • Республиканинг инвестицион жозибадорлиги ошишига ҳамда халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланишига хизмат қилади.

Сенаторлар томонидан ушбу қонун маъқулланди.

Мавзуга оид