Вилоят раҳбарлари билан интервьюлар ташкил этиб келаётган Kun.uz'нинг навбатдаги суҳбатдоши – Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов.

Суҳбатимиз Самарқанддаги қурилишлар, жамоат транспорти, коррупция, мажлислар, илк марта вилоят ҳокими лавозимига тайинланиши ва футбол каби мавзуларда кечди.

– Самарқандда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий масалалардаги муаммолар қанчалик ечим топяпти? Бундан сизнинг кўнглингиз тўляптими?

– Мамлакатда кўзга кўринадиган, эътиборга молик ўзгаришлар бўляпти. Ҳар қандай масштабдан қарасак ҳам буни илғаб олиш қийин эмас. Шу жумладан Самарқанд вилоятида ҳам. Лекин бу дегани ҳаммаси зўр кетяпти, муаммолар йўқ деган фикрдан йироқман. Муаммолар бўлади ва бу табиий нарса. Ҳар қандай ўсиш жараёнида адашишлар, камчиликлар бўлади.

Энди вилоятда амалга оширилаётган ишларга тўхталсам, Самарқанд шаҳрида 100 минг кишилик Қорасув массивини бунёд этяпмиз. Ҳозирда 6,5 минг хонадон қуриб фойдаланишга топширилди. Бу массивда нафақат уй-жой, балки тўлиқ инфраструктура яратилмоқда. Шаҳарча яқин 4 йил ичида тўлиқ қуриб бўлинади.

Бундан ташқари, Самарқандда яна иккита массив қурилиши режалаштирилган. Бири аэропорт яқинида, у ерда 95 минг кишилик шаҳарча қурилади. Иккинчиси халқ тилида “за линия” дейди, яъни темир йўл ортида бунёд этилади.

Бу ишларни бажарувчи қурилиш ташкилотлари, лойиҳа институтлари талабга жавоб берадими, деган савол туғилади. Кўпчилик соҳада бўлгани каби бу ерда ҳам муаммолар бор, янги лойиҳа институтлари, ўқитиш тартиби – ҳаммасини комплекс олиб боришимиз керак.

Яна бир муҳим соҳалардан бири – коммунал соҳа. Сув, газ, электр, йўл – тўғридан тўғри одамлар кайфиятига таъсир этади. Самарқанд шаҳрида ҳам, туманларда ҳам олдимизда катта-катта муаммоларимиз турибди.

Самарқанд – туристларни ҳамиша ўзига жалб этиб турадиган шаҳар. Қадимий шаҳарга келган хоҳ ички, хоҳ ташқи турист бўлсин, бир неча соат айланганидан кейин қаерга боради – меҳмонхонага. Туристлар кечки вақтларда кўнгил ёзиб дам олиши учун қулай инфратузилма, дам олиш, кўнгилочар жойлар ҳам ташкил этилиши керак. Шу сабабли Самарқандда туристик марказ барпо этиляпти. Мақсадимиз – келган туристларни шаҳарда иложи борича кўпроқ ушлаб қолиш.

Зиёрат туризмини ҳам ривожлантириш учун имом Бухорий мажмуаси қайтадан тўлиқ реконструкция қилиняпти. Ёнида ҳалол стандарти асосида ётоқхоналар мажмуалари қуриляпти. Бу ишлар – пандемиядан кейин туристик оқимни кўпроқ ўзимизга тортиш учун.