Вакциналарни аралаштириб қўллаш мумкинми?
BBC шу ва шу каби дунёдаги коронавирус билан боғлиқ сўнгги хабарларни келтирди.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари 181,5 млн.дан ошган, 3,9 млн киши вафот этган. Касалланиш ҳолатлари ва ўлим кўрсаткичлари бўйича етакчилар рейтингини АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия бошқариб турибди.
Франция касалланиш ҳолатлари сони бўйича (5,8 миллиондан ортиқ) Европада биринчи ўринга чиқди. Россия касалликдан вафот этганлар сони бўйича Европа давлатлари орасида етакчи (134,5 мингдан ортиқ ўлим).
Британия яна хавотирда

Британияда кунлик касалланиш ҳолатлари кескин ортиши туфайли Ҳонгконг ушбу давлатни юқори хавф тоифасидаги давлат сифатида таснифлади ва номаълум муддатга авиақатновларни тўхтатди.
Янги ҳолатларнинг катта қисми илк бор Ҳиндистонда аниқланган ва тез орада бутун дунёга тарқалиб кетган «Дельта» штамми билан боғлиқдир.
Шу билан бирга, Британия ҳукумати ковиддан ўлим даражаси пастлигини қайд этмоқда, касалхоналарга ётқизишга эҳтиёж сезаётган беморлар сонидаги ўсиш ҳам сезиларли эмас.
Аммо кўпчилик орол давлатдаги вазият худди биринчи тўлқин вақтида бўлгани каби тезда назоратдан чиқиб кетишидан ташвишланмоқда. Шу муносабат билан Германия ички ишлар вазири Ҳорст Зееҳофер Лондонни футбол бўйича Европа чемпионатининг яримфинал ва финал ўйинларига мезбонлик қиладиган «Уэмбли» стадионига ташриф буюрувчи мухлислар сонини қисқартиришга чақирмоқда.
Англия футбол расмийлари 90 минг томошабинга мўлжалланган «Уэмбли» трибуналарининг 25 фоизига одам киришига рухсат берган.

УЕФА эса стадионларга имкон қадар кўпроқ мухлислар киритилишини истамоқда. Масалан, Будапештдаги ўйинларда трибуналар лиқ тўлган.
Зееҳофер янги, янада хавфлироқ штаммлар пайдо бўлган даврда бундай ёндашувни масъулиятсизлик деб атаган.



















