Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов Kun.uz билан суҳбатда кескин иқлим ўзгаришлари, унинг сабаблари ва янгидан янги оқибатлари, бундан зарар кўраётган ўсимлик ва ҳайвонот олами, шунингдек, яқин ўн йилликларда яна нималар кутаётгани ҳақида сўзлаб берди.

Охирги уч йил – Ўзбекистонда 150 йил ичида энг иссиқ давр

— Иқлим ўзгармоқда. Исиш шу қадар тезки, гўёки муқаддам кичик давр оралиғида бу каби кескин “сакраш” кузатилмагандек. Ҳароратнинг кўтарилиш инфографикаларида эгри чизиқлар юқорига ва тобора юқорига томон интилмоқда. Буни Ўзбекистон шароитида барча кузатув маълумотлари таҳлилида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистонда охирги 5 йилнинг 3 йилида сўнгги 150 йилдаги энг иссиқ об-ҳаво кузатилди.

Ўтган асрдаги баҳс-мунозараларда иқлимшунослар иқлимга оид ҳар хил хавотирли кутилмаларини айтишган. Афсуски, уларнинг барчаси сиз ва биз яшаб турган айни ҳозирги маконда бўй чўзмоқда.

Ер эволюцияси турли иқлим эпохаларини бошдан кечирган. Исишлар ва совишлар маълум даврларда галма-галига тез-тез ўрин алмашиб турган. Ўтмишда иқлим ўзгаришига Ернинг ўзи ва астрономик омиллар сабаб бўлган. Ҳозир эса ундай эмас. Инсон ўз қўллари билан иқлим ўзгаришини, ўзгариш фонида эса исиш жараёнини тезлаштириб юборди.

Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов

“Парник эффекти”

— Исиш ҳаво таркибидаги ўша машҳур ис гази концентрацияси ортиб бораётганида намоён бўлди. Ҳаво таркибида бу миқдор саноат давригача 280 ppm (ҳаво таркибидаги миллиондан бир улуш)дан ҳозирда 420 ppm'га жуда тез ва қисқа вақт оралиғида чиқиб олди. Инсон таъсири ва катта майдондаги ҳудудларни “еб бораётган” қурғоқчилик омили углерод газини ютувчи ўрмон майдонлари кескин қисқаришига олиб келиб, ҳаводаги миллиардлаб тонна углерод газлари ютилмай қолишига сабаб бўлди.

Табиатга аёвсизларча кўрсатилаётган антропоген таъсир шу ҳолатга олиб келдики, энди унинг салбий оқибатларидан биз ва кейинги авлод азият чекади.

Тасаввур қилинг, сиз иссиқхона (парник) ичидасиз: дим, ёқимсиз, иссиқхонанинг деярли ҳар бурчида бир хил ҳарорат, кечаси ва кундузи ҳам шундай микроиқлим. Иссиқхона ташқарисида эса бошқа манзара, кечаси ҳароратнинг бирмунча пасайиши, одатий, биз ўрганган ҳолат...

Ис гази ва бошқа ифлос газларнинг атмосфера таркибида кўпайиши – Ер атмосферасини бора-бора юқоридаги каби парник ичидаги ҳолатга тушириб қўяди. Бу “парник эффекти” деган ҳодиса билан тушунтирилиб, тунги ва кундузги ҳароратлар ўртасидаги фарқнинг камайишига олиб келади.