Жамият | 15:37 / 01.07.2021
22446
2 дақиқада ўқилади

“Тарихимизга тош отишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” — Шавкат Мирзиёев айрим тиктокерларнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилди

Ёшлар куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Ўзбекистон ёшлари билан учрашган давлат раҳбари ўз нутқида ижтимоий тармоқларда шуҳрат қозониш учун номуносиб ҳаракатлар қилаётган ёшлар бўйича ҳам тўхталиб ўтди.

«Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди.

Бу болаларнинг ота-онаси, бобо-момолари, ўқитувчи ва муаллимлари, қолаверса маҳалла-кўй, ёшлар билан ишлайдиган масъул мутасаддилар қаерга қараяпти? Ватанимиз ёшларига мутлақо ярашмайдиган, барчамизга иснод келтирадиган бундай салбий кўринишларга жамиятимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги зарур.

Керак бўлса, халқимизнинг муқаддас қадриятлари, тимсоллари ва табаррук қадамжоларига беписанд муносабатда бўладиган кимсаларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтирамиз. Бундай бузғунчи ишларнинг олдини бугун олмасак, эртага кеч бўлади.

Тарихимизга, Навоий бобомизга, Мотамсаро онамизга тош отишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нега бундай ҳаракат қилганларга жамоатчилик кескин муносабат билдирмаяпти?! Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун жавобгарликни кучайтириш керак.

Шунинг учун Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича муовинларининг, олийгоҳлардаги тегишли проректорларнинг мақоми, ваколати ва масъулиятини ошириш, иш услубларини ўзгартириш ва мутлақо такомиллаштириш керак.

Парламент палаталари ана шундай мутасадди раҳбарлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тартибини жорий этиши ўринли бўларди», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид