“Amnesty International” халқаро ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда қийноқлар ва одамларга нисбатан шафқатсиз муомала турлари жаҳоннинг камида 140 та мамлакатида қўлланилиши кузатилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, қийноқ инсонга узоқ муддатли психологик таъсирга эга бўлган, шахс сифатида йўқ қилишга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида баҳоланади. Жароҳат, яраларни шифокор даволайди, бироқ у қийноқ оқибатларини тезда бартараф эта олмайди. Бунга анча кўпроқ вақт керак. Қийноқларни бошдан кечирган инсонлар қалбидаги мана шу битмас жароҳат билан узоқ йиллар яшашга мажбур бўладилар, чунки бундай иллатни унутиш қийин ва мушкулдир. Ҳаттоки 30 йил ўтгач ҳам уларга ҳали-ҳануз психологик ёрдам керак бўлиши мумкин.

Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафақат ушбу иллатни барвақт аниқлаш, бартараф этиш, балки қийноқдан жабр кўрган инсонларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларга етказилган зарарни компенсация қилишга ҳам қаратилгани билан аҳамиятли.

Шу пайтгача ушбу иллатнинг олдини олиш ва бартараф этишда бу каби махсус ҳужжатлар қабул қилинмаган. Бу яна бир бор инсон ҳуқуқлари ҳимояси Ўзбекистон учун муҳим йўналиш эканлигидан дарак беради.

Шу ўринда айтиш керакки, қийноқ бу – жамият танасидаги жирканч касаллик. Уни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши керак. Чунки айнан шаффофлик – қийноқларнинг барвақт олдини олишнинг таъсирчан воситаларидан бири.

Қарорда назарда тутилган бир қатор чоралар ҳам шунга қаратилган. Омбудсман ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларининг ташкил этилиши шулар жумласидан.

Шуниси эътиборлики, жаҳон миқёсида кўпгина давлатлар қамоқда сақлаш ёки мажбурий ушлаб туриш жойларига исталган пайтда боришлари мумкин бўлган янги институтлар фаолиятини йўлга қўйдилар. Жумладан, Россияда бу – жамоатчилик кузатув комиссиялари бўлса, Бразилияда бу – штатлар даражасидаги қийноқларнинг олдини олиш маҳаллий қўмиталари ҳисобланади, МДҲнинг айрим мамлакатларида эса жамоатчилик мониторинг гуруҳлари фаолият кўрсатади.

Қарорга кўра, Ўзбекистонда Омбудсман экспертлик гуруҳи негизида ташкил этилаётган Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб қилинади.