Айблов далиллар билан асослантирилмаган бўлиб чиқмоқда

Тергов ва суд органларининг ғайриқонуний қарор ҳамда ҳукмлари ортидан кўплаб инсонлар ноҳақ айбланиб, айбсиз айбдор бўлгани ҳолда жазо ўташга мажбур бўлгани ҳақида кўп эшитамиз. Сўнгги вақтларда жамоатчилик эътибори марказига тушган яна бир ҳолатда шахс ҳақиқатда содир этилмаган қилмиш учун жазога тортилган, тергов ва суднинг кўр-кўрона айбловлари ортидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлиши мумкин.

Тошкентлик Дмитрий Савильев автомобил мойлари импорти билан шуғулланувчи йирик компанияга директорлик қилиб келади. Корхона муассислари ўртасида келиб чиққан мулкий низолар ортидан у терговга тортилади.

Тошкент шаҳар прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Дмитрий Савильев 2019 йилнинг декабридан 2020 йил 5 майига қадар компаниянинг 10 млрд 702 млн сўм миқдордаги мулкини (асосан автомобил мойи маҳсулоти) ўзлаштириб юборганликда айбланади ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан айблов хулосаси тузилади.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган Савильевнинг иши ЖИБ Яккасарой туман судида кўриб чиқилади ва шу йил 5 февралдаги ҳукм билан у 6 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Апелляция шикояти ҳам фойда бермайди. Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция ҳайъатининг 6 майдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, ҳукмдан норози Савильев ва унинг адвокатлари томонидан қайта ва қайта шикоят ёзилавергач, иш Бош прокуратура назоратига олинади ва тегишли бошқарма ходимлари томонидан назорат тартибида ўрганилади. Якунда Савильев ишида тергов органи ва суд томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланади.

Жумладан, назорат тартибида ўрганиш даврида Савильевга нисбатан қўйилган айбловлар тегишли ҳужжатлар билан тўла асослантирилмаган, компания молиявий фаолияти устидан ўтказилган солиқ текширувларида жиддий хатоликларга йўл қўйилган, деган хулосага келинган.

Солиқ текширувларида Савильевнинг электрон имзоси билан ўзлаштирилган деб хулоса қилинган, сони бир нечта ва қиймати бир неча миллиард сўмлик ҳисоб-фактуралар аслида компаниянинг амалдаги директори томонидан Савильев бу лавозимдан озод этилганидан кейин имзоланганига эътибор қаратилмаган.

Судланувчи Савильев ўз сўроқларида у директор бўлиб ишлаган вақтда “Grand Ravon oil” МЧЖнинг республика бўйлаб турли манзилларда ижарага олинган 4 та омборхонаси бўлганини айтган. Аммо, номаълум сабабларга кўра тергов ва судларда ўзлаштирилгани айтилган маҳсулотлар айнан қачон ва қайси омборлардан олиб чиқиб кетилганига ойдинлик киритмаган. Бу ҳолатда солиқ текширувчилари маълумотларни айнан Савильевнинг жавобгарликка тортилишидан манфаатдор бўлган “Grand Ravon oil” вакилларидан олгани ишнинг холис кўрилишига Бош прокуратурада шубҳа уйғотган.