Чегирма олиш учун kontrakt.edu.uz платформаси орқали ариза юбориш керак. Ариза икки иш кунида кўриб чиқилади. Талабанинг педагог фарзанди экани тасдиқлангач, чегирма автоматик қўлланади.
Имтиёз фақат давлат олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга берилади. Педагогнинг бир нечта фарзанди ушбу талабларга мос келса, уларнинг барчаси чегирмадан алоҳида фойдаланиши мумкин.
Тўлиқ бўлмаган грант асосида, яъни харажатларнинг 50 фоизи давлат гранти, қолган 50 фоизи контракт ҳисобидан қопланадиган тартибда ўқиётган талабаларга ҳам имтиёз татбиқ этилади. Бунда 30 фоизлик чегирма фақат контракт қисмига ҳисобланади.
Педагогнинг давлат ёки хусусий таълим ташкилотида ишлаши имтиёзга тўсқинлик қилмайди. Хусусий олийгоҳ, мактаб ва боғчалардаги педагогларнинг фарзандлари ҳам белгиланган шартлар асосида чегирма олиши мумкин. Боғча тарбиячилари ҳам имтиёз қамровига киради.
Тақдим этилган тушунтиришга кўра, педагоглар доираси Адлия вазирлигида 2026 йил 9 июнда 3849-рақам билан рўйхатдан ўтказилган педагогик фаолиятга оид лавозимлар рўйхати асосида белгиланади. Унда 465 та лавозим келтирилган. Тюторлар ва ўқув марказлари ўқитувчилари мазкур имтиёз қамровига кирмайди.
Чегирма қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида ўқиётганларга;
нодавлат олийгоҳлар, Ўзбекистондаги хорижий олийгоҳлар ва уларнинг филиаллари талабаларига;
кечки, масофавий ва сиртқи таълим шаклларига;
қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контрактга;
хорижий ҳамкор олийгоҳлар билан қўшма таълим дастурлари ва факультетларида ўқиётганларга.
Имтиёз ҳар бир ўқув йили учун бир марта қўлланади, кейинги йилларда ҳам ундан қайта фойдаланиш мумкин. Агар ота ёки она педагог тоифасидан чиқарилса, кейинги ўқув йилидан чегирма бериш тўхтатилади.















