ДХХ Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.
Маълум қилинишича, 2018 йил Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қарорига мувофиқ от спортига ихтисослашган МЧЖга меҳмонхона, коттежлар, отхона, ветеринария блоки, манеж, очиқ ва ёпиқ турдаги плац қуриш учун 25,4 гектар ер майдони ажратилган.
Мазкур МЧЖ таъсисчиси амалда ҳеч қандай иш бажармасдан, аксинча ўзининг маклер таниши билан келишган ҳолда ушбу ер майдонини бошқа бир фуқарога 1 млн. 500 минг АҚШ долларига сотишни режалаштиради.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пулдан аванс сифатида 700 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
Бошқа бир ҳолатда, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларида истиқомат қилувчи 3 нафар шахс ўзганинг номида бўлган МЧЖга 2019 йил Зангиота тумани ҳокими қарори билан юқори технологик иссиқхона қуриш учун ажратилган 2 гектар ер майдонининг 1,5 гектарини бошқа бир фуқарога расмийлаштириб, эгалик ҳуқуқини олиб бериш эвазига ундан 150 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Улар олдиндан 60 минг АҚШ доллари олган вақтларида ДХХ ва Департаментнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.
Шунингдек, Зангиота туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс 2018 йил деҳқончилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога мазкур туман ҳокимининг қарори асосида ажратилган 35 сотих ер майдонини бошқа бир фуқарога 80 сотих, дея алдаб, унга ҳокимият ва кадастр идораларида юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали эгалик ҳуқуқини олиб беришини ваъда қилади. Бунинг учун эвазига 160 минг АҚШ доллари сўрайди.
У сўралган пулдан 30 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланди.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда маклерлик билан шуғулланувчи икки нафар шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Хусусан, ушбу фуқаролар маҳаллий тадбиркорга Бўстонлиқ тумани «Ғазалкент» ҚФЙ ҳудудидан ўтувчи Чирчиқ дарёси бўйидан тумандаги МЧЖлардан бирига қайиқлар тўхташ жойи ва ташриф буюрувчиларга дам олиш жойи яратиш учун ажратилган 1 гектар ернинг сотилаётганлигини айтиб, 260 минг АҚШ доллари эвазига мансабдор танишлари орқали ушбу ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришларини билдиришади.















