Kun.uz'га мурожаат қилган рестораторлар Даврон Ҳамидов ва Зиёвуддин Aлихонов ресторан ва кафелар чеклов сабаб қийин вазиятга тушиб қолгани, кундалик тушум тушиб кетгани, агар чекловларда енгилликлар берилмаса, иш ўринларини қисқартиришга мажбур бўлишлари, бу йил ўтган йилдан фарқли равишда карантин пайтида солиқ имтиёзлари ҳам йўқлиги ҳақида сўзлаб беришди.

“Харажатлар деярли ўша-ўша, лекин тушум кескин камайган”

— Карантин чекловлари ўрнатилганига бир ҳафтадан ошди. Биринчи кундан катта ўзгариш сездик, талаб анча камайди. Одамлар келса ҳам эшигимизни ёпиб қўйишга мажбур бўляпмиз. Чунки чекловларни назорат қиладиган органлар жудаям фаол. Улар кунда-кунора келиб, текширишади. Жарималари ҳам катта экан.

Aйни вақтда умумий овқатланиш сектори жудаям қийин аҳволда. Сабаби кундалик тушум тушиб кетган. Лекин солиқларни ўз вақтида тўлашимиз керак.

Бундан ташқари, ишчиларимизнинг ойлигини беришимиз керак: ҳозирда тармоғимизда 120дан ортиқ ишчи ишлатамиз. Ижара пули ва яна бошқа чиқимларимиз ҳам бор. Харажатлар эса жойида қоляпти.

Кафе ва ресторанлар етказиб бериш хизматини кўрсатиш орқали зарарини камайтириш мумкин, деб ўйлашади. Аслида ундай эмас. Чунки одамлар ресторанга фақат овқатланиш учун келишмайди, улар уйдан ташқарида вақт ўтказиш, ресторан атмосферасида овқатланишни истаганлари учун ҳам келишади.

Даврон Ҳамидов

“Кунлик тушумнинг катта қисмини 20:00дан кейин қиламиз”

— Aйни вақтда аномал иссиқ ҳам кетмоқда. Бундай вазиятда кўпчилик ватандошларимиз соат 20:00дан кейин кўчага чиқади. Биз 50 фоиз тушумимизни 20:00дан кейин қиламиз.

Ҳамма кўчага чиқиб, энди “ишлайман” деганингда, келиб ёпишади.

 Чекловлар натижасида, соат 19:00 атрофида ресторан олдида навбатлар бўлиб қолмоқда. Нега? Чунки ҳамма билади, кафе ёки ресторан соат 20:00дан ёпилади. Шунгача улгуриш учун ҳамма шошиб, деярли бир вақтда етиб келади.

“Чеклов қўйилди, енгилликдан эса дарак йўқ”