Ўзбекистон | 08:19 / 09.07.2021
2756
2 дақиқада ўқилади

Навоийда электрон базани ҳам алдашди

Кармана туманида яшовчи Рахмон Тўхтамишев ҳовлисига ичимлик суви учун ҳисоблагич ўрнатиш мақсадида туман давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилган. Хизмат учун қонунда белгиланган муддатни кутган фуқаро иши ҳал бўлмагач мурожаати юзасидан аҳволни ўрганади. Билсаки, электрон базада мурожаат қаноатлантирилгани ҳақидаги хабар қолдирилган. 

ДХА Навоий вилояти бошқармаси ходимлари сув таъминоти бўйича ваколатли идорани маъмурий чора кўрилиши бўйича огоҳлантирган. Бироқ, шунда ҳам сув таъминоти идораси хизматни амалга оширмаган.

Бoшқармас бошлиғи Бехзод Сафаровнинг Kun.uz'га маълум қилишича, йилнинг ўтган муддатида вилоятда аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизмати кўрсатишда энг кўп соғлиқни сақлаш тизими қонун бузган. Мазкур тизим ушбу муддат давомида 435 та қонунбузилишига йўл қўйган. Қоидабузарликда кейинги “поғонани” ижтимоий таъминот идоралари эгаллаган. Улар 166 та мурожаатда қоидабузарлик содир этган. 

Шунингдек, кадастр 120 та, қурилиш ва архитектура 107 та, тижорат банклари 105 ҳолатда мурожаатларга муддатида жавоб қайтармаган ёки асоссиз рад жавобини беришган. Кузатилишича, энг кўп қоидабузарлик туғилганлик ҳақидаги ҳолатни электрон базага муддатида киритмаслик, субсидия беришдаги давлат хизматини кўрсатишда содир этилган. 

Таъкидланишича, ваколатли идораларнинг эътиборсизлиги сабабли 3 329 та мурожаатда фуқаролар ҳуқуқи бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан ваколатли идораларга 17 та тақдимнома киритилган. 60 ҳолатда жавобгар шахслар маъмурий жаримага тортилиб, 62 ҳолатда бошқарма томонидан тўғридан тўғри маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари тузилган.

Мавзуга оид