“Биз дунёвий, демократик, ҳуқуқий жамиятда фаолият юритамиз. Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 364-сонли қарори билан тартибга солинади. Мазкур қарор билан Ҳаж ва Умрани ташкил этиш ҳуқуқи жамоатчилик кенгашига берилган. Жамоатчилик кенгашининг раиси дин ишлари бўйича қўмита ҳисобланади, унинг ўринбосари Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси саналади. Шунингдек, кенгаш таркибига турли давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари киритилган.

Мен буни монополия деган қарашга қўшилмайман. Фуқаролар ҳам тўғри тушунади деб умид қиламан, чунки Ҳаж ва Умра – саёҳат эмас, ибодат ҳисобланади. Бу – мукаммал диний билимни талаб қиладиган ва муайян процедура билан боғлиқ бўлган бир ибодат. Бу ибодатни амалга ошириш эса диний ташкилотнинг ўзининг ҳуқуқи. Мисол учун, Ўзбекистон мусулмонлар идораси айнан мана шу йўналиш бўйича республикадаги марказий бошқарув органи сифатида тан олинган. Ҳамма фуқароларимиз мусулмонлар идорасини тан олади.

Идора томонидан Ҳаж ва Умра зиёратининг амалга оширилишини монополия эмас, ўз фаолиятини амалга ошириш, деб ҳисоблайман. Қолаверса, ташкилот бундан муайян бир фойда олмайди. Чунки [Ҳаж ва Умра учун тўловдан йиғилган] бу маблағлар фуқароларга хизмат кўрсатиш қаратилган пуллар”, – деди Дилшод Эшнаев 10 июл кунги матбуот анжуманида.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Акмал Саидов ҳам мавзуга қўшимча қилиб, 7 марта Умра ибодатларини адо этгани, Умра учун турли давлатлардан келган мусулмонлар ўзбекистонлик зиёратчиларга яратилган “шароитлар ва нархларга ҳавас қилгани”га ўз тажрибасида гувоҳ бўлгани ҳақида гапириб ўтди.

“Нима демоқчи бўлаётганингизни биламан. Нима учун, мана, қўшниларда турфирмалар ташкил қилади-ку, дейди. Қилсин турфирмалар ҳам, ким тақиқлайди?” – таъкидлади Акмал Саидов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан Умра зиёратига борувчилар сони дастлаб 2018 йилда 6 минг кишидан 10 минг кишига оширилган эди. 2019 йилга келиб Умрага борувчилар сонига қўйилган чеклов бутунлай бекор қилинди