Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Экоқўмита раиси ўринбосари: Деновдаги воқеа бўйича жарима ҳам, 329 миллион сўм зарар ҳам ундирилади
Давлат Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Сурхондарё вилоятининг Денов туманида дарахтлар кесилиши ва жарималар қўллангани борасида изоҳ берди.
«Дарахт кесганлик учун аниқ белгиланган жарима бор. Деновдаги ҳолатда кесган шахсга нисбатан жарима қўлланган. «Денов туман йўллардан фойдаланиш» УКнинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф. ана шу жаримани тўлайди. Табиатга етказилган зарар миқдори – 329 миллион сўм. Бу ерда жарима ва зарар суммалари алоҳида эканлигини қайд этиш жоиз. Ўша зарарни эса Ж.Ф. ишлайдиган корхона тўлайди. 329 миллион сўм зарар етказилганлик ҳолати бўйича иш прокуратурага оширилган.
Ана энди бу процедура қандай бўлишига келсак. Ташкилот зарарни тўлаш учун биз билан алоқага чиқиб, муддат сўраса, дейлик, 5 ойда бўлиб-бўлиб тўлаб берамиз, деса биз унга ўша муҳлатни берамиз ва ўзаро келишув асосида зарарни ундирамиз. Агар бу контакт содир бўлмаса, одатда, Мажбурий ижро орқали ундирамиз. Бу ҳолда ташкилот ҳисоб рақами картотекага олинади ва зарар тўлиқ ундирилмагунича очилмайди», дейди Боқижонов.
Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов дарахтлар кесилиши ҳолатида қўлланаётган жарималар миқдори тақсимоти ҳақида ҳам маълумот берди.
«Дарахтлар кесилгани оқибатида қўлланадиган жарималар миқдорининг 60 фоизи маҳаллий ҳокимликларда қолдирилади, 40 фоизи эса Экоқўмита ҳисоб рақамига тушади. Сўнгги 3 йиллик маълумот шундай: айнан табиатга етказилган зарар туфайли қўлланган жарималар ва санкциялар туфайли ундирилган миқдордан 63 миллиард сўм маҳаллий ҳокимликлар бюджетига тушган. Йилига 20 миллиард сўм атрофида. Бу пуллар ўша ҳудудларда экологияни яхшилаш учун сарфланиши керак», деди Экоқўмита масъули.
У маҳаллий ҳокимликларда экологияга, дарахтларни нобуд қилишга муносабат яхши эмаслигини афсус билан қайд этди.
«Ҳамма ҳам табиатга меҳрли эмас. Шу ўринда биз яна жамоатчиликка таянишимизни айтиб ўтаман. Фуқароларимиз фаол бўлиб, бизга вақтида хабар етказиб туришса нур устига нур бўлар эди. Албатта, биз ўзимиз улгурмаётган пайтда бу бизга катта ёрдам бўлади», дейди у.
Дарахткесарларга қарши кураш доирасида жарима майдонлари ташкил қилинади
Сўнгги вақтларда, мораторийга қарамай, дарахтларни аёвсиз кесиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари янги қарор лойиҳаси ҳақида маълумот берди.
«Биз янги қарор лойиҳасини тайёрладик. Унга кўра, ҳар бир вилоятда жарима майдончалари ташкил қиламиз. Бу майдончаларнинг ҳудуди 50 гектардан бўлади.
Соддароқ тушунтирсам, бу автоуловларни жарима майдонига қўйиш амалиётига ўхшаш. Дейлик, Деновда 109 туп дарахтни кесган ташкилот ўша жарима майдонига экиш мавсуми вақтида қонунда белгиланганидек 1090 туп дарахт экади ва парваришини зиммасига олади. Ўша участкада биз пешлавҳа осамиз: фалон ташкилот фалонча дарахт кесгани учун фалонча дарахт экди. Бу дарахтларга ва уларни 3 йил давомида парвариш қилишга шу ташкилот жавобгар. Агар шу давр мобайнида бирор дарахт қуриб қолса, ўрнига яна экади», дейди Боқижонов.
Мавзуга оид
13:33 / 08.06.2026
Сурхондарёда ҳам ИИБ ходими вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумонланмоқда
11:04 / 30.04.2026
Деновда ўлим билан тугаган зўравонлик юзасидан 4 киши қўлга олинди
16:20 / 29.04.2026
Деновда «Шакки» лақабли зўравон бир йигитни уриб ўлдиргани айтилмоқда
09:27 / 07.04.2026