Андижон вилоятининг Асака тумани Ахтачи саноат зонасидаги «SING LIDA» МЧЖга қарашли цемент заводи атроф-муҳитга катта зарар етказаётгани мавзуси сўнгги тўрт йил мобайнида оммавий ахборт воситаларида кўп бор кўтариб чиқилди.
Бироқ цемент заводига танқидлар, экология қўмитаси текширувлари таъсир қилмади. Ахтачи цемент заводининг тик қувурларидан олдин қандай бурқсиб чанг кўтарилаётган бўлса ҳозир ҳам шундай чиқиб турибди.
«Ахтачида ўт ёнса, Андижонда тутуни»: Экологлар қаерга қараяпти?
2013 йилда иш бошлаган бу заводда дастлаб трубалардан ҳозиргидек ўта катта миқдорда тутун чиқмас эди. Мамлакатда жадал қурилиш ишлари бошлангач, заводнинг ишлаб чиқариш қуввати ошиб, тутуни фалакни тутди. 2015-2016 йиллардан атрофдаги аҳоли ва бошқа тадбиркорлар ушбу хавотирли ҳолат бўйича турли ташкилотларга мурожаат қила бошлашади.
Асака томон ўтсангиз, ушбу завод ҳудуд атмосферани булғаб, атроф-муҳитга жуда катта зарар етказаётганига гувоҳ бўласиз.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза давлат қўмитаси томонидан ўтган 2020 йил 12-21 февраль кунлари Андижон вилояти Асака туманида жойлашган ушбу цемент заводи фаолиятида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижросининг таъминланиши юзасидан текшириш ўтказилган.
Текширишлар давомида Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлари талаблари бузилгани аниқланган.
Корхона раҳбариятига аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, атроф-муҳитга ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтириш мақсадида жамият балансида мавжуд бўлган, бугунги кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ишлаб турган клинкер тайёрлаш печи ва цемент тайёрлаш тегирмони ускуналарининг фаолияти вақтинча тўхтатиш ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилгани эълон қилинган.
2019 йили завод Хўжаобод тумани ҳудудига кўчирилиши эълон қилинган ва Имом ота қишлоғида қурилиш бошлангани ҳақида хабарлар берилган эди.








