Хўш, юзлаб ёшларни ярим кечаси, боз устига коронавирус яна авж ола бошлаган вақтда бир жойга йиғилишга мажбур қилган блогер ким ўзи?
Тармоқда “Субо” тахаллуси билан фаолият олиб борувчи 22 ёшли Субхан Мамедов ўзининг Instagram ва YouTube саҳифаларига пранклар, қўшиқлар ва бошқа турли хил видеолар жойлаб боради. Жами обуначилари сони 7 миллиондан ошади.
“Субо”нинг айтишича, у аслида Нукусга, ўзининг обуначиси бўлган бир беморнинг оиласи билан танишиб, уни Дубайга олиб кетиш учун келган.
У Нукусдаги ишларини тамомлагач, кеч соат 23да Тошкентда бўлиши ва Амир Темур хиёбонида мухлислари билан қисқача учрашув ўтказгач, уларга гўёки пул тарқатиши ҳақида Instagram stories'да ёзиб қолдирган.

Қизиқ тарафи, “Субо” Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатланганида Хоразмдан Нукусга кетишида ва бошқа бир қанча видеоларида йўл-патруль хизмати машиналари ва махсус сигналли, UZB тоифасидаги рақамга эга автомобиллар ҳамроҳлиги, ҳимояси остида юрган.
Блогер қайси асосларга кўра ҳимоялангани, уни қўриқлаш учун ўзбекистонлик солиқ тўловчилар ҳисобидан қанча сарфлангани номаълум.
Тошкентга йўл олган Субхан Мамедовни 200 га яқин ёшлар Амир Темур хиёбонида кутиб туришган. Тармоқда тарқалган видеоларда дастлаб навбатчиликда юрган ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари тўпланганларни огоҳлантириш билан тарқатиб юбормоқчи бўлганини кўриш мумкин.
“Субо” етиб келгач, ИИВ ходимлари уни ўраб олган одамлар орасидан олиб чиқиб кетишади. Тўпланганларни тарқатиш учун қўшимча кучлар чақирилади. Махсус бўлинмалар оломонни тарқатиш учун қандай куч воситаларидан фойдалангани номаълум. Уларда фақат резина дубинка ва каска бўлганини кўриш мумкин.
Видеолардан бирида орган ходимларидан бири жараённи видеога олаётган шахсга қаршилик қилганини кўриш мумкин.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, блогерни обуначилари ўраб олганда ходимлар уни олиб чиқишган ва бўлимда профилактик суҳбат ўтказилган. Тўпланган фуқаролар ҳам фақат тарқатиб юборилган, ҳеч кимга маъмурий баённома тузилмаган. Шунингдек жароҳатланганлар ҳам бўлмаган.















