Жамият | 16:27 / 18.07.2021
11658
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда содир бўлган «авария»да уч киши вафот этди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч киши вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 12 июль куни соат 9:20ларда давлат аҳамиятидаги 4Р-87 Еттитом-Қарши автомобиль йўлининг Чироқчи тумани ҳудудидан ўтувчи 53-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Чироқчи тумани Тошли ҳудудида ҳаракатланиб келаётган «Нексия-1» машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қараама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Нексия-2» машинаси билан ўзаро тўқнашган.

Оқибатда «Нексия-1» машинасида йўловчи сифатида келаётган икки нафар фуқаро, «Нексия-2» машинасида бўлган бир нафар фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этган. Шунингдек, ҳар иккала машина ҳайдовчилари оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ҳайдовчилар машиналарни белгиланган меъёрдан тез бошқарган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Чироқчи тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ўтказилмоқда. Бундан ташқари, мутасаддилар иштирокида аҳоли орасида йўл қоидаларига амал қилмаслик оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган оғир ҳолатлар муҳокама қилинган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид