Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида Фарҳод маҳалласида бўлди, аҳоли вакиллари канализация қувури 2017 йилдан бери ишламай қолганини маълум қилди.

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб чиқинди кўчанинг қатнов қисмига, фуқароларнинг хонадонларига ҳам тошиб чиқишни бошлаган. Иссиқ кунлар келганида қўланса ҳиддан очиқ ҳавода ўтириб бўлмай қолган.

Ҳудудда жойлашган 2-мактаб ўқувчилари ҳам айнан шу кўчадан ўтади. Санитарияга зид ҳолат уларнинг соғлигига хавф туғдириши мумкин. Одамлар эса турли касалликлар пайдо бўлиши мумкинлигидан ҳам хавфсирамоқда.

«Тахминан уч йиллар аввал оқова сувлар учта хонадон ҳовлисида тўлиб қола бошлаганди. Шу йилнинг февралидан бошлаб эса қудуқлардан тошиб чиқишни бошлади. Февраль-март ойларида Ширин шаҳар сувоқова ташкилотига бориб мурожаат қилдим ва ариза ёздим. Лекин ҳеч қандай иш қуролисиз шунчаки кўриб кетишди. Кейин яна қайта мурожаат қилдим. Улар эса келиб, ушбу чиқинди сувларини мактаб ҳудудига чиқариб ташлаш билан чекланишди.
Кейинчалик май ойида ҳам мурожаат қилдим. Улардан «хоҳлаган ишингизни қилаверинг, биз ҳеч нарса қила олмаймиз», деган жавобни олдим», дейди Ғанишер Анорқулов.
Одамлар натижа бўлавермаганидан сўнг, вилоят ҳокими ва президентнинг Ширин шаҳар халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Лекин ҳозирга қадар ушбу муаммо ҳал этилмай қолиб кетаверган.

«Обод ишлар биринчи навбатда тозаликдан бошланади. 2017 йилдан бери канализация муаммоси бўйича мурожаат қиламиз. Аввалига маҳалламиз 2018 йилда, кейин 2019 йилда «Обод маҳалла» давлат дастурига киритилади, деган жавобни беришди.
2020 йилда келишди, аммо оқова сувлари қувурларини таъмирламай туриб, йўлни асфальтлаб кетишди. Ширин шаҳар сувоқова ташкилотига мурожаат қилганимизда, биз аралаша олмаймиз, деб жавоб беришди. Бу ерда кечқурун ҳовлида ҳам, кўчада ҳам ўтириб бўлмайди. Биз ҳам тоза ҳаводан нафас олсак, деймиз»
























