Маҳаллий экспортчиларга хориждан маҳсулот олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан тўғри сотишга рухсат берилади
Ҳукумат қарорига асосан хорижий хомашё ва материалларни божхонада расмийлаштириш талабларини соддалаштириш мақсадида 2021 йил 1 августдан бошлаб:
- божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилади;
- тадбиркорлик субъектига четдан хомашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилади;
- маҳаллий экспорт қилувчиларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан тўғри сотишга рухсат берилади.
Ер участкаларини хусусий секторга мулк ҳуқуқи билан бериш тартиби кучга киради
Президент фармонига асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш ва улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Шунингдек, фармонга асосан Вазирлар Маҳкамаси истисно тариқасида, фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан тўғри ижарага беришга ҳақли бўлади:
- қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига — Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;
- агросаноат кластерларига — ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;











