Ўзсаноатқурилишбанк тизимида маълумотларга ишлов бериш, сақлаш ва чуқур таҳлил қилишга қаратилган “Data Warehouse” (DWH) - маълумотлар омбори ва “Business Intelligence” – бизнес таҳлил тизими татбиқ этилди. Бу Банкнинг янги бизнес моделига асосланган трансформация жараёнлари доирасида амалга оширилди.
Бугунги кунда истеъмолчиларнинг мобил бизнес-иловалар ва ижтимоий тармоқлар орқали муттасил ўсиб бораётган ўзаро онлайн мулоқоти маълумотларнинг катта ҳажмини яратмоқда. Бу компаниялар учун зарур маълумотларни тўплаш, ўз мижозлари ҳамда бозор тенденциялари ва маҳсулотлари ҳақида янада кўпроқ ахборотларга эга бўлиш имконини бермоқда.
Аммо, таъкидлаш жоизки, маълумотларни йиғиш ва улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш бошқа-бошқа масалалардир. Маълумотларни самарали тўплаш ва таҳлил қилиш тўғри технологияларни қўллаш билан тизимли ёндашувни талаб этади.
Шу боис Ўзсаноатқурилишбанк тизимида бугунги кунда халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган маълумотлар омбори ва бизнес таҳлил тизими татбиқ этилди.
Эндиликда Банкда бир нечта манбалардан олинган маълумотларни сақлаш, уларни таҳлил қилиш учун илғор воситалардан фойдаланиш ҳамда ўрганилаётган объектлар тўғрисида маълумот олишга шароит туғилади.
Тизим муассаса бошқарувига Банк бизнеси ўтмишда қандай иш олиб боргани ва айни пайтда қайси босқичда эканини билиш имконини беради, қолаверса, бизнес учун янги имконият эшикларини очади.
Барча ҳисобот ва таҳлиллар DWH платформасида амалга оширилишини ҳисобга олиб, у нафақат кўп сонли ички операцион тизимлардан маълумотларни бир жойда тўплашини, балки маълум вақтда ушбу транзакцион тизимлардан катта юкни ҳам олиб ташлашини қайд этиш мумкин.
Масалан, илгари янги турдаги ҳисоботни олиш учун бир неча кун, ҳатто, ҳафталар кутиш керак бўлган. Чунки ижрочи бир нечта қуйи тизимлардан катта ҳажмдаги маълумотларни қўлда тўплаш ва қайта ишлашга мажбур эди. Бундай манипуляциялар кўп вақт ва ресурсларни талаб қиларди. Энди DWH’га асосланган янги технологиялар билан ушбу вазифалар бир зумда жуда кам куч сарфлаб амалга ошириладиган бўлди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан, платформада маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш тўрт даражада амалга оширилади.
Бугунги кунга келиб лойиҳанинг биринчи босқичи якунланди. Унга кўра, Банкда асосий манбалардан олинган барча маълумотларни тўплаш жараёни автоматлаштирилиб, уларни интеграция қилиш жараёни якунланди.














