Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазирининг функционал вазифалари, Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти ҳамда Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Котибиятга Бош вазир раҳбарлик қилади.
Котибият Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазирига бўйсунади, унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Қуйидагилар Котибиятнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- туризмни жадал ривожлантириш соҳасида:
- 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясига мувофиқ туризмни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш чораларини кўриш;
Концепцияга мувофиқ белгиланган қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш:
- туризм фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш;
- туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратишни таъминлаш;
- транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини оширишни таъминлаш;
- туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилишни таъминлаш;

















