Uzbeklife бир неча кун олдин ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Норвегияда яшаб тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган, Шаҳбоз Долимов ва унинг рафиқаси, OsloMET университети талабаси Нигина Жўраева билан суҳбат уюштирган эди.

Бугун унинг ёзиб олинган вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Бир давлатга бордингизми, 9 ойгача у ердан чиқиб кетманг”

Японияга 2012 йил кетганман. Ўқишга топширган вақтимда баъзи бир сабабларга кўра йиқилганман. Кейин чет элга кетиш истаги пайдо бўлди. Инглиз тили ўрганиб юрган пайтларим Япониянинг бир университетидан ўзбек талабалар келишган ва тақдимот қилиб беришган. Менга жуда маъқул бўлган бу. Кунчиқар мамлакат, бизнес, иқтисод модели бор давлат... Университетга топширганман ва грант ютиб, 4 йил у ерда бизнес администрацияси йўналишида ўқидим. Албатта, қийинчиликлар бўлган. Биринчидан, маданияти бошқача. Овқатларига мослашиш қийин бўлган. Янги давлатга чиққанингизда маданий шок бўлади ва бу депрессияга олиб келиши мумкин. Ўз инсонларингизни соғинишни бошлайсиз. Лекин маслаҳатим, бир давлатга бордингизми, 9 ой чиқиб кетманг. Мослашиш учун ўша ердан 9 ой кетманг. Сабр қилиш керак. Қатъиятли бўлмасангиз, нега борганингизни ўзингизга такрорлаб турмасангиз, сизга бошқа биров эслатмайди. Қолаверса, маҳаллий тилни ўрганиш жуда муҳим. Тил ўрганиб атрофни тушуна бошлайсиз. Кўпроқ дўстлар орттириш лозим. Япония таълим тизими дунё стандартларига жавоб беради. Лекин ҳайратланарли даражада бўлмаган. Мен ўқиган университетда 50 фоиз талабалар халқаро, 50 фоиз маҳаллий. Мана шу 50 фоизни 90дан ортиқ давлатдан келган талабалар ташкил қилади. Global citizen деган тушунча бор, халқаро фуқаро дейлик, университетда улар учун ҳамма шароитлар яратилган эди. Барчага бир йилдан кўпроқ муддат чет элда яшаб келишни тавсия қилган бўлардим. Мустақил ҳаётга қадам қўйишга пойдевор бўлади. Ҳар битта талабага бориб ишлашни маслаҳат бераман. Бу харажатларингизни қоплабгина қолмай, молиявий бошқарувни ҳам ўргатади. Талаба зўр ишда ишламаслиги мумкин. Шахсан мен идиш-товоқ ювишдан бошлаганман.

“Ўзимни ташқарида кўришни хоҳладим, Япония комфорт зонага айланган эди”

Япониядан кетишимга сабаб комфорт зона бўлиб қолгани эди. Ўзимни ташқарида кўришни хоҳладим. Иккинчидан, йўналишимни, ўзимни топа олмагандим ҳали. Магистратурага топшириш истаги бор эди. Бир профессоримиз келиб, Норвегияда яхши университет борлиги ҳақида айтдилар. Қандай давлат экан у деб кирганман. 2016 йил дунёнинг энг бахтли давлати Норвегия эди. Ўша йили ўқишга кирдим. Швеция, Дания ва Норвегияга топширганман ва Норвегияни танладим. У ерда паст бинолар, оддий кийимдаги одамлар, бу ерда қиммат машиналарни учратмайсиз. Қаерга келиб қолдим дер эдим бошида. 1 йилдан кейин нега бахтли давлат эканини тушунганман. Устозим бор, кўз шифокори Бекзод ака Тошбоев. Айтадиларки, бирор давлатга борсангиз, учта нарсага жиддий эътибор беринг: тиббиёт, таълим ва солиқ. Булар ривожланганми, демак у ривожланган давлат. Таълим тизимида устоз ва талаба ўртасида девор йўқ. Тиббиёт талаба учун текин. Солиқ тизимида қанча кўп даромад топсангиз, шунча кўп солиқ тўлайсиз. Лекин ишсизлик тўлови катта. Ишсизлик даражаси эса паст.