«Рома» «Женоа»дан катта

 Шубҳасиз, гарчи айни чемпионат ва айни рақибларга қарши ҳаракат қилинса-да, кучлироқ жамоа сафида тўп суриш ҳужумчимиз учун фойдалироқ бўлади. Биринчидан, «Женоа»дан фарқли ўлароқ «Рома» аксарият ўйинларни ўзидан кучсизроқ жамоаларга қарши ўтказади ва табиийки, бундай ҳолатда Элдорда тўп билан муомала қилиш, пасларга очилиш ва қабул қилиш, ҳамда гол уриш имконияти кўпроқ бўлади.

Иккинчидан, турнир эътибори билан ҳам «Рома» каттароқ мақсадларни ўз олдига қўйган ва камида еврокубоклар учун курашадиган жамоа ҳисобланади. Умуман, Европадаги нуфузи, Рим шаҳри, «Лацио» ёки бошқа топ-клублар билан муносабати, мухлислари ва босим нуқтайи назаридан «Рома» – Шомуродов учун мутлақо янги ва каттароқ чақириқ.

Учинчидан, «Женоа»да Элдорнинг энг таниқли жамоадоши Пандев эди, «Рома»да эса,номлар анча катта ва кўп. Жеко, Патрисиу, Кристанте, Флоренци, Мхитарян, Ал Шаъровий, Верету, Дзанольо, Смоллинг, Педро, Пастори ва Майорал каби футболчилар билан бирга тўп суриш Шомуродовга янги тажриба, янада ўсиш учун имконият бўлиши табиий.

Янги мураббий олдига келмоқда

Шомуродовнинг трансфери «Рома»да янги мураббий билан бир мавсум арафасида содир бўлаётгани ҳам фойда бўлиши мумкин. У тайёр шаклланган ва маълум даражада бир-бирига ўрганган жамоага четдан қўшилиб кетиш вазифаси билан бормайди. Айни пайтда мураббий учун Шомуродов ҳам бошқа футболчилар билан тенг номзод сифатида қаралади.

Бу омил ҳужумчининг ўзини кўрсатиш ва кучини исботлаш вазифасини бироз осонлаштириши мумкин. Мураббий янги жамоага келиб, қўл остидагиларнинг имкониятларини чамалаб, энг мақбул тактика ва услуб устида ишлаётганда, табиийки, Шомуродовга ҳам алоҳида эътибор берилади, унинг устунликлари ва камчиликлари борасида жиддий қаралади. Шунчаки, янги футболчи сифатида машғулотлар ва ўйинда берилган дақиқаларда кимнидир ўрнига чиқиб, ўзини кўрсатиш талаби қўйилмайди.

Жозе Моуриньо омили

Моуриньо футбол оламида ҳар қанча танқид қилиниб, фаолияти йилдан йилга пастга қараб кетаётган бўлмасин, барибир юқори савияли мураббий бўлиб қолаверади ва Шомуродовнинг «Женоа»дан айнан Моуриньо қўл остига келиши айни муддао бўлиши мумкин.