Жамият | 17:55 / 31.07.2021
3813
5 дақиқада ўқилади

Сенат: Яккабоғ ва Узун туман кенгашлари фермерларнинг ерини олиб қўйиш ҳақида қонунларга зид равишда қарор чиқарган

Бугун Сенатнинг 17-ялпи мажлисида Қашқадарёда Яккабоғ туман кенгаши, Сурхондарёда Узун тумани кенгаши фермерларнинг ерини олиб қўйиш ҳақида қонунларга зид равишда қарор чиқаргани муҳокама қилинган. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида халқ депутатлари Яккабоғ туман кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги «Яккабоғ туманидаги «Абдуқодир ҳамкор», «Нодирбек Асилбек чорва», «Шахбоз Сардор Шоҳжаҳон» фермер хўжаликлари ҳамда «Қоплан дара», «Қоплан дара шаҳзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирмаларга тегишли ер майдонлари мақсадсиз фойдаланиб келаётганлиги сабабли туман захира фондига қайтариш тўғрисида»ги ҳамда халқ депутатлари Узун туман кенгашининг 2020 йил 9 ноябрда қабул қилинган «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги қарорлари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, юқоридаги иккита қарор Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилган. Унда маълум бўлишича, Яккабоғ туман ҳокимининг 2020 йил 18 майдаги қарорига асосан, «Қоплон дара шаҳзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирмага қуёнчиликни ривожлантириш учун туман захира фондидан узоқ муддатли ижара шартнома асосида 17 гектар ер майдони ажратилган. Шундан сўнг, туман ҳокимлиги ҳамда «Қоплон дара шахзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирма ўртасида 49 йил муддатга ер ижара шартномаси тузилган.

Халқ депутатлари Яккабоғ туман кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги қарорига асосан эса «Қоплон дара шаҳзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирма ҳамда яна қатор фермер хўжаликларига ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорлари бекор қилиниб, ер майдонлари туман захира фондига қайтарилган.

Мазкур қарор амалдаги қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган. Яъни томонлар ўртасида низо мавжуд бўлган ҳар қандай ҳолларда ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш фақат суд томонидан амалга оширилади. Ундан келиб чиқилса, халқ депутатлари Яккабоғ тумани кенгаши томонидан фермер хўжаликларига ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорлари қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда бекор қилиниб, ер майдонлари туман захира фондига қайтарилган.

Шунингдек, Узун тумани ҳокимининг 2020 йил 26 мартдаги қарори билан фуқаро И.Муртазаевга пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалиги ташкил этиш учун 52,7 гектар ер майдони ажратилган. Ҳужжатга асосан, 2020 йил 11 апрелда туман ҳокимлиги ва «Замин Султон Барака» фермер хўжалиги раҳбари И.Муртазаев ўртасида ердан фойдаланиш бўйича 31 йилга мўлжалланган ижара шартномаси тузилган.

Халқ депутатлари Узун туман кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги қарори билан «Замин Султон Барака» ҳамда яна 35 та фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномалари муддатидан олдин бекор қилиниб, ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган. Ушбу қарор ҳам амалдаги бир қатор қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган.

Фуқаролик кодексининг 382-моддасига кўра, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Халқ депутатлари Узун тумани кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги қарори билан туман ҳокимлиги ҳамда «Замин Султон Барака», шунингдек, яна 35 та фермер хўжалиги ўртасида тузилган ер ижара шартномалари юқоридаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда бекор қилинган.

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади. Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши котибияти томонидан мазкур қарорнинг қонунийлиги ўрганиб чиқилиб, амалдаги қонунчиликка зид равишда қабул қилинган, деб топилган ҳамда «Замин Султон Барака» фермер хўжалигига тегишли қисми бекор қилинган.

Таъкидланишича, кўрилган масалалар юзасидан Сенат қарори қабул қилинган.

Мавзуга оид