«Балиқ бошидан сасийди» дея сарлавҳа қўйилган постда юқори идоралардан бу ҳодиса бўйича тўлиқ ҳисобот берилиши сўралган, буйруқ берганларнинг исм-шарифи, лавозими очиқланиши ва уларга қатъий жазо чораси қўллаш кераклиги, энг биринчи бўлиб топшириқ берган одамни тизимдан бутунлай, бир умрга ҳайдаш кераклиги таъкидланган.
«Тошкент» телеканалидаги лавҳани кўрган бўлсангиз керак. Олмалиқ шаҳрида 01 584 ААА рақамли қора «Малибу»ни ЙПХ инспектори тўхтатади. Камар тақмагани учун жарима ёза бошлайди ва ишончнома ҳамда тонировка рухсатномасини сўрайди. Шу пайт рация орқали кимдир кимгадир алоқага чиқиб, «ходимни ушлаб туришган экан, раҳбарлардан, шундоқ алоқага чиқинг, қўйворишсин» деб топшириқ берди. Топшириқни олган «101» эса инспекторга алоқага чиқиб, «Кўп гапирмасдан, яхши етиб олинг деб қўйиб юбор» деди.
Эътибор беринг, топшириқ берганларнинг бирортаси нима қоида бузган, деб сўрамади. «Қўйвор» деди бўлди. У мастми, чаквоганми, одам урганми, ҳужжати жойидами, фарқи йўқ. Телефон бўлдими, қўйиб юбориш керак, тамом.
Инспектор бечоранинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор, боз устига ҳарбийлашган тизимларда юқоридан берилган топшириқ муҳокама қилинмайди, «тушундим сизни» деди-ю, қўйиб юборди. Аммо журналистларга қараб алам билан «чиқарасизларми буни?» деб сўради.
Нега алам билан? Чунки инспекторлар ҳам қоидабузарларнинг ёнини оладиган ҳожатбарор раҳбарларнинг ноқонуний топшириқларидан тўйиб кетгани аниқ. Ахир ҳаммамиз яхши биламизку, ГАИга тушиб қолса, битта телефон билан чиқиб кетиш Ўзбекистонда «мода»га айланган. Ва бу фахрланадиган иш. Чойхоналарда ўртоқларига мақтаниб айтиб бериладиган воқеа бу. Қолганлар ҳам унинг танишлари нақадар кучли эканлигини эшитиб, ҳавас қилади. Менда ҳам шунақа таниш бўлса-ю, битта телефон билан исталган муаммомни ҳал қилсам, деб орзу қилади.
Хўш, Ўзбекистон қачонгача таниш-билишлар давлати бўлади? Таниши бўлса телефон қилгани ҳам майли, аммо ЙПХ хизматидаги раҳбарлар нега бунақа қоидабузарларнинг олдига тушади?
Ўша раҳбарларни гапиртирса, халқ ЙПХ инспекториларини ёмон кўради, бизга ишонмайди, бизга ҳурматсизлик қилади, деб нолишни билади. Лекин буни аввало ўзлари бошлаб беришади.
Тепадаги қўнғироқлардан ўлгудек қўрқадиган раҳбарлар, қани айтингларчи, сизлар кечаю кундуз иссиқда халқ хизматида бўлиб турган ўз ходимларингизни мана шундай ботқоққа ботиришга, уларни қайсидир «крутой»ларнинг олдида шарманда қилишга уялмайсизларми? Виждонингиз қийналмайдими?» дея саволлар қўяди блогер.

















