Ўзбекистон | 12:52 / 02.08.2021
1527
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд халқаро аэропортида ноқонуний тарзда хорижга олиб чиқилаётган ноёб сўзаналар тўхтатиб қолинди

Самарқанд халқаро аэропортида ноқонуний тарзда хорижга олиб чиқиб кетилаётган ноёб сўзаналар тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Фото: KUN.UZ

Маълум қилинишича, чегара божхона постларида хизмат қилаётган божхоначилар маданий бойликларни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ уринишларга ўз вақтида чек қўйишмоқда.

Жумладан, Самарқанд халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган фуқаро К.Д. божхоначилар эътиборини тортган ва унга тегишли бўлган юклар холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада, К.Д.нинг юклари орасида, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 45 дона ноёб сўзана кашталари ва 2 дона тарихий либос борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, амалдаги тартибларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 23 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида»ги 131-сон қарорида эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдин яратилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилмаслиги белгилаб ўтилган.

Мавзуга оид