Бухородаги “Абдуллахон” мадрасаси деворининг бир қисми ўпирилиб тушди. Бу ҳақда Telegram'даги “Bukhara info” каналида хабар берилди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий маълумотга кўра, кўп йиллик техноген жараёнлар (иссиқ ва совуқ иқлим, ёғингарчиликлар ва ер ости сувларининг кўтарилиши) таъсирида жорий йилнинг 30 июль куни “Абдуллахон” мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушган. 

Қайд этилишича, ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилди. 

“Шунга кўра, тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллар жалб қилинди ва “Абдуллахон” мадрасасининг орқа қисми деворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланди.

Шу билан бирга, Бухорода техноген жараёнлар оқибатида нураши, емирилиши ва қулаб тушиши эҳтимоли юқори бўлган 40та маданий мерос объектининг умумбашарий қийматини сақлаш, уларда тиклаш, реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича олимлар, реставраторлар ва малакали мутахассислар томонидан ўрганишлар ўтказилган ҳолда зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳақида ҳукуматга аниқ таклифлар юборилди”, дейилади маълумотда.

Бундан ташқари, ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари ҳам олиб борилаётгани айтилган.

Маълумот учун, ушбу меъморий обида Абдуллахон II томонидан бунёд этилган. Мадраса Бухоро хонлигидаги энг йирик маърифат маскани сифатида бунёд этилган. Унинг қурилиши ўрта асрларнинг сўнгги даврида, яъни 1588-1590-йилларга тўғри келади.

Меъморий обиданинг қурилишида хом ва пишган ғишт, лой, тахта, махсус “қир” қотишмаси ва шу каби маҳсулотлардан фойдаланилган. Ҳовли атрофини икки ошёнли ҳужралар ўраб туради. Ҳар икки томонида баланд пештоқ жойлашган. Пештоқлар орқали ичкари хоналар ва хонақоҳга ўтилади. Мадрасанинг катта пештоқи жанубга қараган. Пештоқ қанотлари ва гулдасталар сиркор безаклар билан пардозланган. Дарвозадан ўтиб, икки ёнидаги катта хоналар – дарсхона ва масжидга кирилади.