АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилиши ортидан Афғонистонда бўлаётган воқеалар юзасидан мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар «Известия» нашрига интервью берди.
— Америка қўшинлари олиб чиқилиши ортидан охирги вақтларда Афғонистондаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Ушбу ҳолатни фуқаролар уруши деб талқин қилиш мумкинми?
— Йўқ, бу фуқаролар уруши эмас. Бу ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Мамлакатдаги ҳолат нафақат Афғонистон толиблари, балки Марказий Осиё, Хитой, Покистон ва «Ал-Қоида»нинг одамларини бирлаштирган халқаро террорчилар тармоғи бошлаган уруш. Уларнинг иштироки фуқаролар уруши тушунчасидан Афғонистон ва минтақа билан халқаро терроризм урушигача бўлган воқеаларнинг характеристикасини ўзгартиради.
Бир томондан, биз чет элликларнинг мамлакатдаги урушда иштирокини кўрамиз, бошқа томондан, уларнинг мақсади Афғонистон билан чегараланмайди. Мамлакатимиздаги ҳолат бутун минтақа ва халқаро ҳамжамиятга таҳдид солади. Шу сабабларга кўра, 2002 йил бошида АҚШ, НАТО, Хитой, Россия иштирокида имзоланган халқаро консенсус асосида бутун дунё халқаро терроризмга қарши курашда Афғонистонни қўллаб-қувватлашга қарор қилганди. Улар буни қилишди, чунки уларнинг манфаатлари ҳам жиддий равишда бузилган эди. Мен яна бир бор такрорлайман: бу ерда ҳеч қачон фуқаролар уруши бўлмаган, келажакда ҳам бўлмайди.
— Ҳозирда ташқи ўйинчиларнинг Афғонистондаги вазиятга жалб этилиши президент Ашраф Ғани ҳукумати учун мақбул йўлми?
— Буни тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Биз тарихимизнинг энг қийин даврларидан бирини бошдан кечирмоқдамиз, бизнинг миллий манфаатларимиз, айниқса хавфсизлик соҳасида, бутун минтақа хавфсизлиги ва халқаро ҳамжамият манфаатлари билан бир хил. Бизнинг барқарорлигимиз, хавфсизлигимиз ва фаровонлигимизга терроризм, гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчилик таҳдид солмоқда. Бу фақат Афғонистон учун таҳдид эмас. Шунинг учун, биринчи навбатда, ҳаммамиз умумий таҳдидга дуч келмоқдамиз ва бу таҳдидни енгиш учун умумий стратегияга эга бўлишимиз ва умумий масъулиятни бўлишишимиз керак. Шунинг учун биз барча халқларни Афғонистон билан биргаликда курашишга чақирамиз.
Қўрқоқларча террорчилар билан ишлайдиган ва террор ташкилотларини қўллаб-қувватлайдиган давлатлар бор, бу бизнинг ташвишимизни келтириб чиқармоқда. Биз ҳар доим бундай «шерик»ларга айтиб келганмизки, бу каби йиртқич ҳайвонни парваришлаш охир-оқибат ўз хўжайинига қарши бўладиган «Франкенштейн»ни юзага келтиради. Терроризмни бошқа мамлакатга қарши ишлатиш вақти келиб бундай «шериклар»нинг ўзларига таҳдид солади.


















