Қаршилик 16 ёшли Феруза Элиева триатлон бўйича ўз ёш тоифасида Марказий Осиё ва Ўзбекистон чемпиони бўлган. 5 йилдан буён триатлон билан шуғулланаётган 16 ёшли қизга бу ғалабалари учун мусобақа ташкилотчилари томонидан спорт атрибутлари ва телефон ғилофи совға қилинган.

Феруза Элиева

«Қизим жорий йилнинг 5-6 июн кунлари Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё кубогида ўз ёш тоифасида биринчи ўрин, аёллар ўртасидаги баҳсларда бешинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон чемпионатида ҳам ёш тоифасида биринчи, аёллар ўртасида учинчи ўринни эгаллади. Очиғи, бу муваффақияти ҳаммамизни ниҳоятда руҳлантирди.

Уч-тўрт йил аввал Ферузанинг мусобақаларда қатнашиши учун транспорт, ётоқхона ва спорт жиҳозларини ўзимиз ҳисобимиздан тўлардик. Масалан, триатлонда фойдаланиш мумкин бўлган профессионал велосипеднинг нархи 40 миллион сўмгача. Бунақасини олиб беришга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Шу сабабли қизим икки-уч йил «танка» номли велосипедда машқ қилди. Унинг оғирлиги 25 килограммдан кам эмасди. Таққослаш учун айтаман, спорт велосипедлари 3-5 килограмм атрофида бўлади.

Феруза муваффақиятга эриша бошлагач, Қашқадарё вилояти техник ва амалий спорт турлари бўйича «Ватанпарвар» маркази ҳомийлик қила бошлади. Марказ мусобақаларда қатнашиши учун транспорт билан таъминлаб келяпти. Шунингдек, бироз эски бўлса ҳам (12 йил аввал харид қилинган) велосипед ажратди», дейди Ибодулла Чулиев.

Ибодулла ака ҳозирги вақтда қизи Ферузанинг спорт билан кўнгилдагидек шуғулланиши учун шароит яратиб берилмаётгани унинг иродасига салбий таъсир қилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

«Спортчининг муваффақияти омили иккита. Бири жисмоний, иккинчиси руҳий қувват. Жисмоний кучи сабаб қизим чемпион бўлди, аммо унга руҳий рағбат берилмади. Масалан, Ферузанинг Марказий Осиё ва Ўзбекистон чемпиони бўлгани ҳақида вилоят масъулларига хабар берилди. Аммо уни икки дона гул билан кутиб олиш ҳам кимларгадир малол келди. Пул ёки қандайдир мукофот керакмасди, озгина бўлса-да эътирофнинг ўзи ҳам катта руҳий қувват бўларди. Биз чемпион фарзандларимизни оддийгина кутиб олишга ҳам ярамадик, улар ёлғиз уйга кириб келишди. Мана шу алам қилди», дейди Чулиев.