Ўзбекистон | 11:35 / 05.08.2021
8204
2 дақиқада ўқилади

Нуриддин Исмоилов Эроннинг янги сайланган президенти билан учрашди

Теҳрон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Олий мажлиси қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов кеча, 4 август куни Эрон Ислом республикасининг янги сайланган президенти Иброҳим Раисий билан учрашди. Бу ҳақда қонунчилик палатаси сайтида маълум қилинди.

Эрон раҳбари учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан унинг сайловлардаги ғалабаси муносабати билан йўллаган табриги учун миннатдорчилик билдирган.

У шунингдек, Эрон расмий доиралари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақа давлатлари билан ўзаро ҳурмат, дўстлик ва биродарлик тамойилларига асосланган яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Президент Раисийга кўра, президент Шавкат Мирзиёев бошлаган  ислоҳотлар мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида парламент ролини кучайтирган.

«Келгусида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутади», – деган у.

Мулоқотда Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни томонларнинг мавжуд салоҳияти даражасига олиб чиқиш, бу борада, айниқса, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга доир масалалар муҳокама қилинган.

  • Эслатиб ўтамиз, Эронда жорий йилнинг 18 июнида президент сайловлари бўлиб ўтди. 48,8 фоизлик давомат қайд этилган сайлов натижаларига кўра, Иброҳим Раисий 62 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Раисий 3 августдан президентлик ваколатларини бажаришга киришган. 5 август куни эса унинг инаугурация маросими бўлиб ўтмоқда.

Мавзуга оид