Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди. 4 августдаги қарорга мувофиқ, уюшмани ташкил этишга 20 млрд сўм ажратилади.
Ҳужжатга асосан, 2021–2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ долларидан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларининг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.
Андижон, Жиззах ва Наманган вилоятларида майдони 2 сотих бўлган 25 та “Гулчилик ўқув полигонлари” ташкил этилади. Бунинг учун 0,5 гектар ер майдони ташаббускор тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади.
2023 йил 1 январга қадар бир қатор ўсимликлар (ТИФ ТН коди 0601 ва 0602) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланади.
20 миллиард сўм қайси манбадан?
Гул етиштирувчилар уюшмасини тузиш учун 20 млрд сўм Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари жамғармасидан ажратилади. Бу жамғарма Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошида тузилган.
Жамғарма даромадлари қуйидагилардан иборат:
– давлат бюджетидан ажратиладиган ТИФ ТН коди 07 ва 08 бўлган товар гуруҳлари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишдан тушган божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) суммасининг 10 фоизига тенг ажратмалар,
– Давактив қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази” ДУКнинг очиқ савдоларида сотилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бошланғич баҳосидан ошган сумманинг 50 фоизи;
– халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Ҳозирги шароитда гулчилик муҳимми?
Арзимасдек туюлса-да, бироқ пандемия ҳамон давом этаётган, озиқ-овқат нархлари борасида хавотирлар сезилаётган, солиқ тўловчилар елкасида вакцинация харажатлари ҳам турган ҳозирги шароитда гулчиликка 20 млрд сўм ажратилиши мақсадга мувофиқлиги борасида солиқ тўловчиларда савол туғилиши табиий.

















