08:43 / 05.08.2021
1220

Самарқандда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан асоссиз ундирилган 825 миллион сўм хорижий корхонага қайтарилди

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилояти Булунғур туманида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан хорижий корхонадан асоссиз равишда 825 миллион сўм ундирилган. Бу ҳақда бугун 4 август куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Манзура Ҳасанова қўмита фаолиятига оид масалалар юзасидан маълумот берганда маълум қилган.

Маълум қилинишича, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги Булунғур туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 2020 йил декабр ойида ўтказилган ўрганишда шу туманда жойлашган «Хитой Бешбармоқ қурилиш материаллари» МЧЖ хорижий корхонасининг электр энергиясига уланиш схемалари нотўғрилиги аниқланган. Сўнг далолатнома асосида 1 миллиард 215 миллион сўмлик тўловлар ҳисобланган.

Мазкур қарздан норози бўлган корхона мутасаддилари Монополияга қарши кураш қўмитасининг Самарқанд ҳудудий бошқармасига МЧЖга асоссиз тўловлар ҳисоблангани ҳақида мурожаат қилган.

Қайд этилишича, мурожаатда келтирилган ҳолатлар Самарқанд ҳудудий бошқармаси ҳодимлари ва «Ўзэнергоинспекция» Самарқанд вилоят бўлими билан биргаликда ўрганилган. Ўрганишлар натижасида, «Самарқанд ҲЭТК» АЖ таркибидаги Булунғур туман электр тармоқлари корхонаси томонидан қайта ҳисоб-китоб далолатномаси асосида хорижий корхонага ҳисобланган 1 миллиард 215 миллион сўмлик тўлов суммасининг 825 миллион 498 минг сўми асоссиз ҳисоблангани аниқланган. Ушбу асоссиз ҳисобланган тўловлар «Хитой Бешбармоқ қурилиш материаллар» МЧЖ хорижий корхонаси фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Таъкидланишича, Монополияга қарши курашиш қўмитасига жорий йилнинг биринчи ярмида жами 25 711 та мурожаат келиб тушган. Шулардан 14 177 таси қаноатлантирилган. 5 849 тасига тегишли тушунтиришлар берилган, 28 таси рад этилган. 39 таси тегишли сабабларга кўра кўрилмасдан қолдирилган. 524 таси Қўмита ваколатига кирмаганлиги боис қўриб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборилган. Қолган 1953 таси айни пайтда кўриб чиқилмоқда.

Top