Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров Туркманистондаги саммит арафасида Kun.uz мухбири билан суҳбатда минтақада ҳал қилинмай қолаётган масалалар, Афғонистон, катта ўйинчиларнинг иштироки, иқлим муаммолари ва истиқболдаги имкониятлар ҳақида сўз юритди.

Анвар Носиров

 Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларимиз қай даражада? 2016 йилгача ва ундан кейинги ўтган беш йил ичида ўзаро алоқаларимиз орасида тафовутлар нималарда кўринади?

 — Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда осойишталик ҳамда барқарор тараққиётга эришиш йўлида амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон бугун яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларига таянган ҳолда фаол ва прагматик сиёсат олиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси туфайли минтақа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб боряпти. Шунингдек, энергетика, сув ва экология масалаларида ўзаро манфаатли муносабатлар ривожланмоқда. Тарихан қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди.

Бунинг аниқ натижаси сифатида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари ташкил этилгани айтиш мумкин. Мазкур учрашув доимий мулоқот майдонига асос солди, минтақада хавфсизлик, барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилиб келмоқда. Жорий йилнинг 6 августида Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик ҳудудида ташкил этилаётган Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳат учрашувининг навбатдаги йиғилиши доирасида ўтказилаётган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва минтақа Иқтисодий форуми, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ҳамда санъат усталарининг тантанали концерти Марказий Осиё давлат раҳбарлари саммитининг янги босқичга чиққанидан далолат беради.

Сиёсий алоқаларнинг фаоллашуви иқтисодий муносабатлар ривожланишига ҳам туртки бўлди. Қўшни мамлакатлар билан савдо-­сотиқ ривожланиши минтақанинг инвестицион жозибадорлиги ошишига замин яратмоқда. 2020 йил якунига кўра, минтақага киритилган жами хорижий сармоялар қиймати 37 миллиард долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 40 фоизга ошди. Бу рақамлар қисқа муддатда қанчалик ўсишга эришилганини яққол ифода этади.

Ўзбекистон минтақа мамлакатлари, хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон билан энг нозик масалалар ечимида, айниқса, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида прагматик ёндашиб, тарихий келишувларга эришмоқда.