Ўзбекистондаги энг катта муаммо биласизми нимада? Битта муаммони топиб, уни кўрсатсанг, муаммони эмас, балки ўша муаммо ҳақида гапирган одамни йўқотишга ҳаракат қилишади. Гўёки шу билан муаммо ҳам йўқолиб қоладигандек.
5 ой олдин, март ойида SUBYEKTIV'да шифокорлар ҳақида кўрсатув эълон қилган эдик. Кўрсатувда нега шифокорлар пулга рецепт ёзади, нега фармкомпаниялар билан тил бириктиради ва ўзи умуман нима сабабдан соғлиқни сақлаш тизимида коррупция бу даражада кучли деган саволларга жавоб излагандик.
Суриштирувимизда аксар муаммоларнинг замирида шифокорларга бўлган муносабат, бюрократия ва энг асосийси ойлик камлиги ётишини кўрсатган эдик. Лекин суриштирувимиздан сўнг, аксинча, тиббиёт ходимларига бўлган босим ошгани ҳақида хабар топдик: ҳар хил рейдлар ташкиллаштириб, фармкомпаниялар томонидан бериладиган дафтар-ручкаларни йиғиштиришни бошлашди; кадрга тушган шифокорларни топиб, уларга қарши чора кўришга ҳаракат қилишди.
Хуллас, ҳали ҳам симптомлар билан курашиб ётибмиз, сабаблар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Расмий статистика бўйича энг кам ойлик ҳали ҳам тиббиёт ходимларига тегишли. Шармандагарчилик эмасми ахир? Яқинда Қашқадарёда бемордан касаллик тарихи очиш учун 5 минг сўм сўраган фельдшер воқеаси роса муҳокамаларга сабаб бўлган эди... Мана қанчалик хор тиббиёт посбонлари, битта дафтарни ҳам ўзининг ёнидан сотиб олиши керак, мана сизга даража!
Халқимизнинг шифокорларга бўлган муносабатини гапирмаса ҳам бўлади, вақти келса душмандан баттар муносабат қилишади. Билишмайдики, муаммо – тизимда.
Навбатдаги кўрсатувимизда халқимизга тиббиёт ходимлари ичида ўз ишига вафодор инсонлар борлигини ва уларнинг меҳнати қанчалик машаққатли эканини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик.
Қолаверса, ҳукуматимизга эслатмоқчимизки, мана шундай фидойи инсонлар соҳани тарк этиб, ҳолат шу зайлда давом этса, соғлиқни сақлаш тизимимизни юмшоқ қилиб айтганда жиддий оқибатлар кутади.
Лойиҳа муаллифи:
Жамшидхон Зиёхонов














