Ричард Брэнсон ва Жефф Безос. Жаҳон оммавий ахборот воситаларининг сўнгги кунлардаги энг трендга чиққан хабарларидан бири айни шу миллиардерлар номи билан боғлиқ бўлди. Уларнинг яқин космосга чиққани, бунда хусусий компаниялар томонидан ишлаб чиқилган ракеталардан фойдаланилгани алоҳида эътироф этилди.

«Божхона назорат постида дрон олиб ўтаётган фуқаро ушланди». Бу эса Ўзбекистон ОАВда бот-бот учраб турадиган хабарларнинг умумий сарлавҳаси. Хабарларда, дронларнинг ноқонуний олиб ўтилаётгани қайд этилади.

Соддагина қилиб «дрон» деб аталувчи учувчисиз учар мосламалар дунёда аллақачон оддий маиший техника даражасидаги матоҳга айланиб улгурди. Дронларнинг мукаммалроқ вариантлари эса иқтисодиётнинг турли соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалиги, ер майдонлари назорати, картография ва бошқа кўплаб йўналишларда кенг қўллаб келинмоқда. Ҳатто, бир неча давлатларнинг ҳарбий қурол-аслаҳалар арсеналидан ҳам жой олишга улгурди.

Ўзбекистонда эса дронлардан фойдаланиш – жиноят. Жазосининг оғирлиги 10 йиллик қамоққача бориши мумкин. Албатта, айрим истиснолар йўқ эмас, бироқ умуман олганда, аҳолига дрондан фойдаланишга рухсат йўқ.

Ваҳоланки, инсоният илм-фан ва технология ривожининг яна бир маҳсулини турли соҳалар ривожи учун қўллаши қувонарли. Аслида шундай бўлиши ҳам керак...

Дронлар ва хориж тажрибаси

Дунёнинг 143та мамлакатида дронлардан фойдаланиш қоидалари қонунчилик даражасида тартибга солинган. Таъкидлаш ўринлики, қоидалар кўпроқ қурилмаларни олиб киришни тақиқлаш эмас, балки улардан фойдаланишга доир жиҳатларни ўз ичига олади.

Дронлар парвозига нисбатан энг мўътадил муносабат Европада десак адашмаймиз: Европа мамлакатларининг 27 фоизида учувчисиз учар мосламаларни учириш чекланмаган.

Шимолий Америка ва Шарқий Осиё мамлакатлари қонунчилигида ҳам дронларга нисбатан муносабат анча мўътадил. Бунинг акси ўлароқ, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатларида ҳолат анча фарқ қилади: бу икки минтақа мамлакатларининг 21 фоизи, жумладан, Эрон, Ироқ ва Кувайтда учувчисиз учар мосламалардан фойдаланиш бутунлай тақиқланган. Шунингдек, дронлар тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилган Африка мамлакатларининг 21 фоизида ҳам бу мосламалар парвози ман этилган.