Ўзбекистон | 13:34 / 09.08.2021
4572
2 дақиқада ўқилади

“Hyundai” заводи қурилмаслиги мумкин. Корея тарафи бу бўйича фикрини ўзгартирган

Наманган вилоятида қурилиши режалаштирилган “Hyundai” автомобил заводи лойиҳаси амалга ошмаслиги мумкин. Бу ҳақда Наманган инвестиция бошқармаси бошлиғи Нодирбек Абдуллаев ОАВ вакиллари билан бўлган учрашувда айтиб ўтди. 

“Hyundai” заводи қурилиши бўйича илк марта Президентнинг 2018 йил май ойида Наманган вилоятига ташрифида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселекторда топшириқ берилган эди. 
Шундан сўнг 2018 йил ноябр ойида завод қурилиши учун тамал тоши қўйилади. Ажабланарлиси, орадан маълум вақт ўтиб, 2019 йил апрел ойига келиб яна бир бор тамал тоши қўйиш маросими ўтказилади. Лекин шунга қарамай завод қурилиши бошланмайди.  

2018 йилги тамал тоши қўйилиши
2019 йилги тамал тоши қўйилиши

2020 йил якуни бўйича ОАВ вакиллари билан бўлган учрашувда Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ушбу ҳолатга муносабат билдирган эди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони барча қўйилган шартларни бажарган. Завод таъсисчиларида ўзгариш бўлгани сабаб қурилиш ортга сурилган. Ҳозирда янги таъсисчилар томонидан шартномалар қайтадан имзоланиши кутилмоқда, дейилган эди. 
Наманган инвестиция бошқармаси томонидан ўтказилган бугунги матбуот анжуманида эса ушбу лойиҳа амалга ошмаслиги эҳтимоли юқори экани таъкидланди. Завод қурилишига Корея тарафидан масъул бўлган таъсисчилар ушбу лойиҳани истиқболли эмас дея баҳолаган. Бунга сабаб сифатида Республиканинг божхона ҳамда солиқ қонунчилик амалиёти кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, ҚК «Hyundai Motor UZ Namangan» МЧЖ таъсисчилари таркиби «Hyundai Motor Company», «Evergreen Motors Co» Ltd  ва «Youngsan Glonet» Ўзбекистон томонидан Наманган вилояти ҳокимлиги ҳисобланади.

Мавзуга оид