Мутахассисларнинг фикрича, Хитойда углерод чиқиндилари кескин камайтирилмас экан, дунё иқлим ўзгаришига қарши курашда ғалаба қозона олмаслиги мумкин.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг айтишича, мамлакат 2030 йилгача углерод чиқиндиларининг энг юқори чўққисига чиқишни ва 2060 йилга бориб эса уни нолга туширишни мақсад қилган.

У бу улкан мақсадга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.

Ўсиш кўрсаткичлари

Чиқиндиларни камайтириш билан боғлиқ муаммоларга барча мамлакатлар дуч келмоқда. Бу муаммоларнинг энг каттаси эса Хитойда.

Хитойнинг аҳоли жон бошига чиқинди миқдори АҚШ чиқинди миқдорининг қарийб ярмига тенг. Аммо 1,4 миллиардлик аҳолининг иқтисодий ўсиши Хитойни чиқиндилар миқдори бўйича бошқа давлатлардан анча «илгарилаб» кетишига сабаб бўлмоқда.

2006 йилда Хитой дунёдаги энг йирик карбонат ангидрид чиқиндисини чиқарган. Ҳозирги вақтда ҳам дунёдаги иссиқхона газлари чиқиндиларининг чоракдан кўп қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Кўмирдан воз кечиш

Кўплаб экспертларнинг фикрича, Хитой чиқиндиларини камайтириш мумкин, лекин бунинг учун туб ўзгаришлар зарур.

Мамлакатнинг асосий энергия манбайи йиллар давомида кўмир бўлиб келган. Боз устига, кўмирдан фойдаланиш ҳажми тобора ортиб бормоқда.

Си Жинпинг Хитой 2026 йилдан эътиборан кўмирдан фойдаланишни «босқичма-босқич» камайтиришини айтди, аммо унинг бу ваъдаси баъзи давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан етарлича муваффақиятли бўлмагани боис танқид қилинди.

Пекиндаги Синҳуа университети тадқиқотчилари Хитой электр энергияси ишлаб чиқаришда 2050 йилгача кўмирдан бутунлай воз кечиши, кўмирни атом ва қайта тикланадиган энергия билан алмаштириш кераклигини таъкидлашмоқда.

Аммо Хитой кўмир билан ишловчи электр станцияларини ёпиш у ёқда турсин, ҳозирда мамлакат бўйлаб 60дан ортиқ жойларда янги заводларни барпо этмоқда.