АҚШ Миллий метеорология хизмати (NWS)га кўра, мамлакат шимоли-шарқидаги ҳудудларда 24 соат ичида 30 сантиметр (Пенсилвания штати Питтсбург шаҳрида эса 50 сантиметр) ёғин тушган.

Канзас, Арканзас, Кентукки, Мичиган, Оҳайо, Жанубий Каролина, Ню Жерси, Массачусетс, Миссисипи, Пенсилвания, Техас, Луизиана, Теннесси ва Ню Йорк штатларида ўлим ҳолатлари қайд этилган.

USA Today нашри маълумотига кўра, қурбонларнинг ёши – 17 дан 96 гача.

Sky News экспертларга таяниб, АҚШда ушбу қишки бўроннинг умумий зарари ва иқтисодий йўқотишлари – дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 105-115 миллиард долларни ташкил этишини хабар қилди.

Совуқ, зулмат ва ўлим

Tribune News Service via Getty Images

PowerOutage.com сайти маълумотига кўра, сешанба куни эрта тонгда ярим миллиондан ортиқ истеъмолчи электр таъминотисиз эди. Бу борада энг жиддий вазият Теннесси штатида кузатилмоқда, ушбу штатнинг Нэшвилл шаҳрида энг паст ҳарорат қайд этилган. Шаҳар аҳолиси вакиллари том маънода совуқ ва қоронғилик ичида қолганини айтишган.

«Ҳаммаёқда йиқилган дарахтлар ва электр узатиш линиялари йўлларни тўсиб қўйган», – дейди BBC нашрига уйсизлар учун бошпана тақдим этувчи Nashville Rescue Mission маркази вице-президенти Жой Флорес. Унинг сўзларига кўра, марказга мунтазам равишда электрсиз қолган аҳолидан қўнғироқлар бўлмоқда.

Фото: Andres Kudacki/Getty Images

Техас ҳукумати штатнинг катта қисмида хаос юзага келганини маълум қилган. Фриско шаҳри полиция бошқармасига кўра, чанада учиш вақтида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида ўсмир қиз вафот этган, яна бирининг аҳволи оғир.

Шимолий Каролинанинг Банкомб округида шоссе ёқасидан эркак киши жасади топилган. Расмийлар ушбу ўлим ҳолати совуқ билан боғлиқлигини текширмоқда.

Луизиана соғлиқни сақлаш департаменти икки киши музлаб қолиш оқибатида ҳалок бўлганини хабар қилган.