Қоида тариқасида, республикада етиштириладиган қорамоллар туёқлари сонини кўпайтириш мақсадида фақат импорт қилинган зотдор молларгина банк маблағлари эвазига берилади.

Қоида оддий: талабгорлар аризани онлайн тўлдиришади. Туман комиссияси аризани сектор раҳбарларига йўналтиради. Уларнинг ижобий хулосасига кўра банк кафолат хати беради ва таъминотчидан қорамол олинади ва ҳужжатлаштирилади. Сўнгра банк кафолат хатида кўрсатилган муддатда маблағни таъминотчи чорва корхонасига ўтказиб бериши лозим.

Бироқ таҳририятимизга мурожаат қилган Нуробод туманида фаолият кўрсатаётган «Янгиобод насл чорва моллари» МЧЖ фермер хўжалиги ҳамда «SAMARQAND MILK» МЧЖ вакиллари «Халқ банки», «Агробанк» ва «Микрокредитбанк»нинг туманлардаги бўлимлари кафолат хатида кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб кетган бўлса-да, ҳамон пул маблағларининг маълум бир қисмини тўламасдан пайсалга солиб келишаётганини маълум қилишди.

Нуробод туман «Янгиобод насл чорва моллари» МЧЖ менежери Зойир Мамановнинг айтишича, «Янгиобод насл чорва моллари» МЧЖга тўланиши лозим бўлган сумма «Халқ банки»нинг тумандаги филиалларидан 399 млн сўмни, «Агробанк»нинг тумандаги филиалларидан 435 млн сўмни, «Микрокредитбанк»нинг Жума филиалидан 50 млн сўмни ташкил этади.

«SAMARQAND MILK» МЧЖ директори Атҳам Исахановнинг ҳужжатлардан кўрсатиб беришича, «Халқ банки»нинг тумандаги филиалларида «SAMARQAND MILK» МЧЖдан қарз 260 млн сўмни, «Агробанк»нинг тумандаги филиалларидан эса 204 млн сўмни ташкил этмоқда. Шунингдек, «Микрокредитбанк»нинг Жума филиалидан 30 млн сўмни ташкил этади.

Етказиб берилган қорамоллар учун пул маблағларининг ўз вақтида тўлаб берилмаётгани фермер хўжаликларида маълум бир муаммолар келтириб чиқармоқда. Корхоналар ем-хашак ва озуқа захирасини жамғариш, солиқ, божхона ва банк олдидаги мажбуриятларини бажаришда қийинчиликка дуч келмоқда.