Жамият | 16:25 / 14.08.2021
6951
3 дақиқада ўқилади

Бухоро давлат унивeрситeти ҳузурида «Ислоҳотлар халқ учун» тарғибот лойиҳасини амалга ошириш маркази очилди

Бухоро давлат университети қошида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган “Ислоҳотлар халқ учун” маркази ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур тарғибот лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган мақсад, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламларига ўз вақтида етказиб бериш, шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш, таҳлил қилиш, фикр билдириш, сиёсат, таълим, маданият, санъат ва бошқа соҳалардаги ахборотларни холис баён қилиш, медиа маданиятини шакллантиришдан иборат. Бундан ташқари, турли динлар ва конфессиялар, миллатлар, маданиятлар ва гендер муносабатларида мулоқот меъёрларига умумбашарий, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш маданиятини шакллантириш кўзда тутилган.

Марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, лойиҳага алоқадор ташкилот ва олий таълим муассасалари иштирок этишди.

Маросимда БухДУ ректори, марказ гуруҳ раҳбари О.Ҳамидов сўзга чиқиб, лойиҳанинг аҳамиятига тўхталди.

“Бугунги кунда жамиятда инсон фаолиятининг кенг тарқалган соҳаларидан бири бу таълим ҳисобланади. Охирги йилларда таълимнинг ижтимоий роли ортиб, дунёнинг аксарият давлатларида таълимнинг барча турларига бўлган муносабат ўзгарди. Таълимга ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг бош, етакчи омили сифатида қаралмоқда. Бундай эътиборнинг сабаби замонавий жамиятнинг энг муҳим қадрияти ва асосий капитали бу — янги билимларни излаш, эгаллаш ва экстремал вазиятларда ностандарт қарорлар қабул қилишга қодир бўлган инсон ҳисобланади. Шундай экан, ҳозирги даврда таълим шахс ва жамиятни ривожлантиришда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Шу маънода ушбу марказ олдимизга қўйилган мақсадларимиз йўлидаги муҳим восита саналади”, деди университет ректори.

Шундан сўнг Бухоро вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Ибрагимова марказнинг келгуси фаолиятига доир фикр ва қарашларини билдирди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги топшириғига асосан 14 та ОТМ ҳузурида шу каби тарғибот-лойиҳа марказларини ташкил этиш вазифаси қўйилган эди.

Ушбу марказда етук мутахассислар томонидан ҳозирги пандемия шароитида инсоният репродуктив саломатлигини таъминлашга кўмаклашувчи психологик консультация, қадриятларга асосланган таълим-тарбия ва маърифат тарғиботи хизматларини кўрсатиш ҳам белгиланган.

Марказда хизмат кўрсатувчи ҳар бир мутахассис (университетнинг тажрибали ва профессионал профессор-ўқитувчиларидан иборат) фаолияти компетентлиги (фидойилик, ахборотлардан хабардорлик, тезкор маълумотлар алмашинувидаги ишчанлик, талабалар, уларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик билан олиб бориладиган мулоқотда юқори маданият ва билимдонлик) ҳисобга олинган ҳолда саралаб олинди.

Тадбирда бу лойиҳанинг истиқболи, самарадорлиги ва аҳамияти тўғрисида маълумот берилди.

Бухоро давлат университети Ⓣ

Мавзуга оид