Афғонистон собиқ вице-президенти, маршал Абдулрашид Дўстум Мозори-Шариф шаҳрини тарк этди ва Ўзбекистон томон йўл олди, деб хабар берди Reuters.

Хабарда айтилишича, Балх вилояти собиқ губернатори Ато Муҳаммад Нур Дўстум билан бирга Афғонистонни тарк этган.

Нур Facebook саҳифасида толиблар вилоятни фитна натижасида қўлга киритганини ёзган: «Барча ҳукумат объектлари ва кучлари толибларга берилди. Бу фитна қамрови кенг ва чуқур, улар маршал Абдулрашид ва мени тузоққа туширмоқчи бўлди, бироқ бунга эриша олмади».

The New York Times мухбири Фаҳим Обид ўз Twitter саҳифасида таркибида Дўстум ва Нур бўлган афғонистонликлар гуруҳи Ҳайратон ва Термиз шаҳарларини боғловчи «Дўстлик» кўприги орқали Ўзбекистонга ўтгани ҳақида ёзди.