У ким ўзи?

Афғонистондаги энг машҳур ҳарбий қўмондонлардан бири (балки энг машҳуридир) Абдулрашид Дўстум 1954 йил Афғонистон шимолидаги Жузжон провинцияси Шибирғон уездидаги Хўжадкўҳ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Унинг отаси ўзбек, онаси эса туркман миллатига мансуб бўлган. Дўстум ўзини ўзбек деб ҳисоблайди ва ўзбекча гапиради.

Мактабни битирганидан сўнг Дўстум газ қазиб олиш компаниясида ишлай бошлайди. Бу компания СССР билан ҳамкорликда тузилган эди. 1979 йилда у СССР ёрдамида Афғонистонни социалистик давлат қилиш ҳаракатида бўлган Афғонистон халқ демократик партиясига аъзо бўлиб киради.

1980 йилда Дўстум ўқиш учун СССРга келади ва Ленинграддаги ҳарбий академияда таҳсил олади. Ўқишни битириб, Афғонистонга қайтган Дўстум Афғонистон ҳукуматига бўйсунадиган хавфсизлик идорасида иш бошлайди. Орадан бироз ўтиб Дўстумни мамлакат шимолида яшаётган ўзбеклардан тузилган 53-дивизияга қўмондон этиб тайинлашади ва у СССР ҳарбийлари Афғонистонни тарк этгунча улар билан ҳамкорликда мужоҳидларга қарши жанг қилади.

Совет қўшинлари Афғонистонни тарк этгандан сўнг у бир муддат Нажибулло бошчилигидаги ҳукуматни қўллаб-қувватлайди. Вақт ўтиб Нажибуллога қарши бўлган мухолиф кучлар томонга ўтади.

1992 йилда Дўстум Афғонистон шимолини тўлиқ ўз назоратига олади. Ўша пайтларда Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшайдиган шимолий қисми норасмий равишда «Дўстумистон» деб ҳам аталган. У Мозори Шариф шаҳрини Шимолий Афғонистон пойтахти этиб танлайди ва қароргоҳини шу шаҳарда жойлаштиради. Ўша пайтда унинг қўл остида СССРда ишлаб чиқарилган танклар, қирувчи самолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар билан қуролланган 65 минг нафар ҳарбий хизматчи бўлган.

Орадан бироз ўтиб Афғонистонни толиблар эгаллай бошлади. Шунда Дўстум ўз қўшинлари билан Шимолий Альянс деб номланган коалицияга қўшилади. Коалиция таркибида Дўстумдан ташқари, мамлакатнинг қонуний президенти Бурҳониддин Раббоний бошчилигидаги ҳукумат кучлари, шунингдек, Афғонистондаги дарийлар етакчиси Аҳмадшоҳ Масъуд ва пуштунлар лидери Гулбиддин Ҳикматёр бошчилигидаги қўшинлар ҳам бор эди.

Бир йил давом этган жанглардан сўнг 1997 йил май ойида Дўстумнинг ёрдамчиси Абдул Малик Фарёб вилоятида исён кўтаради ва толиблар томонига ўтиб кетади. Шундан сўнг «Толибон» Афғонистон шимолини ҳам эгаллайди ва Дўстум Туркияга кетишга мажбур бўлади. Ўша йили кузда Афғонистонга қайтган Дўстум толиблар билан қайта жанг бошлайди ва яна енгилади. 1998 йилда яна Туркияга кетади.