АҚШ президенти Жо Байден «Толибон» ҳаракати жангчиларининг муваффақиятли юришлари америкалик ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиш режасига таъсир кўрсатмаслигини ва афғон ҳукумати ўз мамлакати учун ўзи курашиши кераклигини айтди.

«Биз  20 йил ичида триллион доллардан ортиқ маблағ сарфладик, биз сони 300 мингдан ошадиган афғон хавфсизлик кучлари аскарларини ўқитдик ва замонавий жиҳозлар билан таъминладик. Биз у ерда минглаб одам йўқотдик.

Улар курашиши керак. Уларнинг сони толиблардан кўп», деган Байден.

Байден ҳарбийларни олиб чиқиш қароридан афсусланмаслигини айтган, шу билан бирга расмий Вашингтон ўз мажбуриятларини бажаришда ва афғон ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этишини, шу жумладан, афғон аскарларига маош тўланиб, озиқ-овқат билан таъминланишини билдирган.

Толиблар 9 вилоят марказини эгаллаб бўлишди

Толиблар сўнгги бир кунда ғарбда, Эрон билан чегара яқинида жойлашган Фараҳ вилоятининг шу номдаги марказини, шимолда Бағлон вилояти маркази Пули-Ҳумри (Кобулга 230 км масофада жойлашган) ва Бадахшон вилояти маркази Файзобод шаҳрини ҳам қўлга киритишгани ҳақида маълум қилишди.

Фараҳ вилояти мажлиси аъзоси Шаҳло Абубар 10 август куни Франциянинг AFP ахборот агентлигига берган интервьюсида «Толибон» кучлари куннинг иккинчи ярмида хавфсизлик кучлари билан қисқа тўқнашувдан сўнг шаҳарга киргани, улар губернаторлик ва полиция бош қароргоҳини эгаллаб олишгани ҳақида маълум қилган. 

Шу кунларда «Толибон» навбатдаги мақсади сифатида эълон қилган Пули-Ҳумри узоқ давом этган жанглардан сўнг таслим бўлган. «Кундузи толиблар бир неча йўналишларда фрон чизиғини ёриб ўтишди. Оғир жанглардан кейин амалдорлар ва хавфсизлик кучлари ҳукумат бинолари, махсус хизматлар офислари ва полиция бош участкасини ташлаб чекинишди. Жанглар давом этмоқда. Биз қаерга чекинишни муҳокама қиляпмиз», деган чоршанба тонгида шаҳар расмийларидан бири Guardian мухбирига.

Tolo News телеканали маълумотига кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари Пули-Ҳумридан эвакуация қилиниб, Келагай қишлоғи томон чекинган.