Спорт | 03:50 / 15.08.2021
26517
2 дақиқада ўқилади

Ўртоқлик учрашуви. Шомуродовдан Римда дастлабки гол ва ассист, «Рома»дан йирик ғалаба

Италия А Серияси стартига бир ҳафта қолганида Римнинг «Рома» клуби мавсум олди сўнгги ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Римдаги «Олимпико» стадионида Марокашнинг «Ража Касабланка» клубига қарши ўтказилган ўйинда Жозе Моуриньо Элдор Шомуродовни асосий таркибда майдонга туширди.

Ўзбекистонлик ҳужумчи римлик мухлислар қаршисидаги илк ўйинидаёқ ўзини кўрсатишга эришди. 17-дақиқада Элдор ҳимоячи ва дарвозабондан илдамроқ ҳаракат қилиб, қийин вазиятда чиройли зарбаси билан ҳисобни очди – 1:0.

20-дақиқада Манчини фарқни иккитага етказган бўлса, иккинчи бўлим бошида Элдор Шомуродовнинг бош билан етказган узатмасини Мхитарян голга айлантирди – 3:0.

59-дақиқада Моуриньо бир йўла 7та ўзгаришга қўл урди ва улар қаторида Шомуродовнинг ўрнига Майорални майдонга туширди. Бу ўзгаришлар ҳам ўзини оқлади – Перес 85-дақиқада фарқни тўрттага, Майораль эса 90-дақиқада ҳисобни 5:0га етказиб қўйди.

Қайд этиш жоиз, Шомуродов Моуриньо қўл остида ўтказган икки ўйинида ҳам гол+ассистга муаллифлик қилмоқда. Римдаги ўйин давомида маҳаллий мухлислар Элдорни олқишлаб туришди.

Ўртоқлик учрашуви. 14 август (шанба)
«Рома» (Италия) - «Ража Касабланка» (Марокаш) – 5:0

Рим, «Олимпико» стадиони.
Голлар: Элдор Шомуродов 17, Манчини 20, Мхитарян 48, Перес 85, Майораль 90.
«Рома»: Руи Патрисиу (Фусато, 59), Рик Карсдорп, Жанлука Манчини (Залевски, 59), Крис Смоллинг (Кумбулла, 59), Браян Кристанте, Матиас Вина (Ибанес, 59), Жордан Верету (Рикардо Калафиори, 59), Николо Дзаньоло (Амаду Диавара, 59), Генрих Мхитарян, Стефан Эл Шаарави (Карлес Перес, 46), Элдор Шомуродов (Борха Майораль, 59).

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид