09:46 / 16.08.2021
3693

Зоир Мирзаев маҳаллий ҳокимликлар ва давлат ташкилотлари панжара билан ўраб олинганини танқид қилди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев вилоятдаги маҳаллий ҳокимликлар ва давлат ташкилотлари ўз биносини панжара билан ўраб олганини танқид қилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида Зоир Мирзаев бир қатор долзарб масалалар ҳақида сўз юритиб халқ учун хизмат қилиши лозим бўлган ҳокимликлар ва давлат ташкилотлари биноларининг панжара билан ўраб олингани ҳақида ҳам гапирган. Вилоят ҳокими ҳолатни танқид қилиб, ҳокимликлар ва давлат ташкилотлари бинолари фуқаролар учун очиқ бўлиши лозимлигини айтган.

«Нимага ҳокимлик ёпиқ жой бўлиши керак? Мен вилоят ҳокимлигига чақирилган ҳокимларни ҳар сафар бинонинг олд тарафидан олиб киришни буюраман, нимага? Ҳокимлар шу томондан кирса, панжара йўқлигини кўради. Мен ҳокимлик биносига кираётган йўлда панжара йўқ. Буни ақли етган тушунади», – деган Зоир Мирзаев.

Шунингдек, ҳоким вилоятдаги ташкилотлар ҳам ўз биносини панжара билан ўраб олганини, халқ ташкилотга кириши учун бир нечта тўсиқларни босиб ўтишга мажбур бўлаётганини айтиб танқид қилган.

«Кичкинагина ташкилотлар панжара, панжарадан сўнг яна бир бало қўйиб, одамларнинг йўлини тўсиб қўйган. Ўзи ҳеч бир иш қилмайди, қўриқланадиган ҳеч нарса йўқ, лекин панжара билан тўсилган. Мен шундай пайтда ташкилот раҳбарларидан панжара билан кимдан нимани қўриқлаётганини сўрайман. Хўш, ташкилотини халқдан қўриқлаяптими?» – деган вилоят раҳбари.

Top