Афғонистондан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари қўшинларининг чиқиб кетиши натижасида “Толибон” ҳокимиятга келди. Афғонистон тўла забт этилиши оқибатида Марказий Осиё мамлакатларига бир қанча янги таҳдидлар пайдо бўлиши мумкин.

2021 йилнинг 14 апрелида АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан қўшинларни 11 сентябргача олиб чиқиб кетишини эълон қилгач, “Толибон” гуруҳи ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштирди. Бу эса 15 август куни Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг истеъфо бериши ҳамда Кобулнинг “Толибон” назоратига ўтишига олиб келди.

Афғонистон тўла забт этилиши учун бир неча ой вақт кетган бўлишига қарамай, воқеалар ривожи узоқ йиллик тенденциялар асосида шакллангани ва Марказий Осиё давлатларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўришимиз мумкин.

Нега Ғарб давлатлари “Толибон”га ён берди?

Биринчидан, тарихга назар соладиган бўлсак, “Толибон”нинг дастлабки вакиллари Афғонистондаги фуқаролар урушидан Покистон ҳудудига қочиб ўтган аҳоли ёки уларнинг фарзандлари эди. Улар, асосан, совет қўшинларига ёки Москва ҳомийлигида тузилган Нажибуллоҳ ҳокимиятига қарши кураш олиб бориш мақсадида ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва молиялаштирилган. Бу ишларнинг назорати эса “Ал-Қоида” ҳамда Усама бин Лодин қўлида бўлган.

Совет иттифоқининг парчаланиши ва Афғонистонда Нажибуллоҳ ҳукуматининг қулаши билан мужоҳидларга бўлган эътибор камайиши Усама бин Лодинни “Ал-Қоида” ҳамда унга аъзо ташкилотларнинг ягона етакчисига айлантирди. Саудия Арабистонининг ўзига тўқ оиласида улғайган бин Лодин ўзининг асосий мақсади сифатида Фаластиндаги ерларни арабларга қайтариб беришни қўйганди. Бу даврнинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, кўпинча АҚШ ёки Исроилга тегишли объектлар террорчилик ҳужумларининг нишонига айланарди. Талаб эса геосиёсий кайфиятда бўлиб, Фаластин ерлари қайтариб берилиши эди.

Бироқ 2001 йил Афғонистонда “Толибон”ни ағдаришга қаратилган, 2003 йил Ироқда Саддам Ҳусайнга қарши амалга оширилиши бошланган ҳарбий ҳаракатлар ва 2011 йилда бин Лодиннинг жисмонан йўқ қилиниши билан якунланган махсус операция натижасида “Ал-Қоида” ва унга аъзо ташкилотлар ўз хусусиятларини ўзгартирдилар. Эндиликда экстремист ташкилотлар аниқ геосиёсий талабларсиз оддий аҳолини ҳам нишонга айлантира бошладилар.

Бунга далил сифатида Ироқ-Шом Ислом давлати номи остида шаклланган, бин Лодин даврида “Ал-Қоида”га алоқаси бўлган, унинг ўлимидан сўнг ажралиб чиққан Бағдодий бошчилигидаги гуруҳ христиан ва шиа эътиқодига мансуб шахсларни нишонга айлантирди. Ваҳоланки, бин Лодин АҚШ ёки Исроил сиёсатига боғлиқ стратегик ҳаракатларни амалга оширарди. Кейинчалик эса юк автомобиллари билан Франция, Швеция ва АҚШда тинч аҳолининг қурбон қилиниши АҚШ томонидан эълон қилинган “терроризмга қарши уруш” ташкилотларнинг маржиналлашиши билан якунланганини кўрсатди.