13:08 / 18.08.2021
7554

Қарши шаҳрида биталар билан «қуролланган» бир гуруҳ шахслар бир кишини дўппосламоқчи бўлишди

Kun.uz манбаси томонидан бир гуруҳ шахслар зўравонлик содир этгани ва улар бир йигитни кўпчилик бўлиб калтаклашга урингани ҳақида хабар берилди. Манбанинг маълум қилишича, мазкур ҳодиса ҳам Қарши шаҳрида содир бўлган.

Манба томонидан тақдим этилган видеода тасвирланишича, куннинг қоронғи пайтида бир гуруҳ шахслар машинада бир йигитни қувиб келган. Йигит кўча ёқасидаги савдо дўконларидан бирига қочиб кирган. Йигитлар уни таъқиб этиб савдо дўкони ичига киришган ва йигитни қўлларидаги биталар билан уришга ҳаракат қилишган. Растада турган маҳсулотларни унга қарата отишган. Йигит қўлида бита билан ўзини ҳимоя қилишга уринган.

Қочиб кирган йигит пештахта орқасига ўтиб олгани учун зўравонлар унга жиддий жароҳат етказа олмаган ва савдо дўконидан чиқиб кетган.

Ҳозирча тегишли органлар томонидан мазкур ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилмади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 август куни Қарши шаҳрида таниқли спорт мураббийи Элдор Раҳимов бир гуруҳ шахслар томонидан дўппосланиб, сўнг машинага тиқиб олиб кетилган. Кейинчалик мураббийнинг жасади топилган.

Top