Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шаҳрисабз шаҳар ҳокимининг тадбиркорга истироҳат боғи қуриш учун ер ажратиш ҳақидаги қарори вилоят комиссиясида рад этилди
Шаҳрисабз шаҳар ҳокимининг тадбиркорга истироҳат боғи қуриш учун ер ажратиш ҳақидаги қарори Қашқадарё вилоят ҳокимлиги қошидаги комиссия томонидан рад этилган. Бу ҳақда тадбиркор ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилган мурожаатида маълум қилган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.
Муносабатда маълум қилинишича, 2021 йил 15 апрелда Шаҳрисабз шаҳар ҳокими томонидан «Шаҳрисабз шаҳар Наматон маҳалласи ҳудудидан «Zoosirk» хусусий корхонасига давлат-хусусий шериклик асосида истироҳат боғини қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 19-4-209-Q/21-сонли қарор қабул қилинган. Сўнг шаҳар ҳокимлиги 2021 йил 28 апрелдаги 1-05/98-сонли хат билан қарорни вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) комиссиясига кўриб чиқиш учун мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат вилоят ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларга ер ажратиш масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссияси аъзолари иштирокида 2021 йил 19 май куни кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, «Zoosirk» хусусий корхонасига Шаҳрисабз шаҳри, Наматон маҳалласи ҳудудидан ажратилиши белгиланган 2,5 гектар ер майдони Гулистон массивининг 52-қ контурида жойлашган бўлиб, 66 балл бонитетли суғориладиган экин ер майдонини ташкил қилади.
Президентнинг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742-сонли фармонининг 5-бандида суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларга, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарори билан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилиши белгиланган.
Таъкидланишича, президентнинг тегишли фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибга зид равишда қабул қилинганлиги сабабли Шаҳрисабз шаҳар ҳокиминининг 2021 йил 15 апрелдаги «Шаҳрисабз шаҳар «Наматон» МФЙ ҳудудидан «Zoosirk» хусусий корхонасига давлат-хусусий шериклик асосида истироҳат боғи қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 19-4-209-Q/21-сонли қарори комиссия аъзолари томонидан рад этилган.
Комиссия хулосасига асосан вилоят ҳокимлигининг 2021 йил 21 майдаги 06/1456-сонли хати билан Шаҳрисабз шаҳар ҳокимига «Zoosirk» хусусий корхонасига суғорилмайдиган ёки қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларини ажратиш маълум қилинган.
Мавзуга оид
10:15 / 14.09.2025
Қашқадарёда ўқувчи болани машина босиб кетишига сал қолди
15:09 / 23.02.2025
Қашқадарёда маъмурий жаримадан жаҳли чиққан ҳайдовчи ЙПХ машинасининг ойналарини синдирди
14:35 / 18.02.2025
“Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси жорий этилади
11:50 / 18.02.2025