Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи Саидабуви Жўраевадан келиб тушган мурожаатнинг қисқача мазмуни қуйидагича:

“Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 29 январдаги “Ер майдонида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида”ги 146-сонли ва Юнусобод тумани ҳокимининг 2018 йил 31 январдаги 235-сонли қарорларига асосан, менга тегишли бўлган Юнусобод тумани Янги шаҳар ва Чинобод кўчасида жойлашган 264-сонли уй-жойим бузилиш ҳудудига тушиб, 790 кв.м.ли ҳовлимда 7 хонали уй-жойим бузилди. Бузиш учун туман ҳокими ва тайинланган комиссия келиб, уй-жойим ўрнига Юнусобод тумани, 8-мавзе, Фароғат 1-тор кўчаси бўйлаб, майдони 400 кв.м. бўлган 2-сонли ер участкаси ажратилишини билдирди ва қўшимча квартира ажратиш масаласида Тошкент шаҳар ҳокимидан рухсат олиб бериш ваъда қилинди.

Юқорида айтилган 2-сонли ер участкасини туман ер тузиш ва кадастр ходимлари олиб чиқиб кўрсатишганда у жой менга маъқул бўлди. Шундан сўнг ўғлим, келиним ва уч нафар неварамнинг ҳозирда уй-жойи йўқлиги сабабли қўшимча равишда квартира ажратиш шарти билан юқоридаги ер участкасини олишга розилик аризаси бердим. “Эртага, индинга, шу ҳафта” деган ваъдалар билан орадан 7 ой ўтиб туманга янги ҳоким тайинлангандан сўнггина қарор чиқди.

Лекин бизга туман ер тузиш ва кадастр ходимлари олиб бориб кўрсатган жой эмас, умуман бошқа жой ажратилган экан. Бу ажратилган ер участкаси фақатгина томорқа қилиб, боғ сифатида фойдаланишга ярайди, чунки у ер участкаси кўп қаватли уйнинг шундоққина тагида жойлашган, бир томони пастликка тўғри келиб қолган. Табиийки биз бу ерни олишни рад қилдик. Ўғлим 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан 1 йил давомида ижарада яшади, шундан сўнг туманимиз ҳокими ерга чиқарилган қарорни бекор қилиб, битта 3 хонали ва битта 2 хонали квартира ажратиш бўйича туман мутасаддиларига топшириқ берди.

Квартира ажратиш масаласи 2021 йилнинг 1-чорагига қадар ҳам ҳал бўлмади. Уч йилдан ортиқ давр ичида биз мурожаат қилмаган идора қолмади, десак бўлади. 2018 йил қарор кутиш билан, 2019 йил идора ташкилотларга шикоят аризалари ёзиб, расмий жавоблар олиш ва туман ҳокимиятида тортишувлар билан ўтиб кетди. 2020 йил пандемия ва карантин бўлганини важ қилиб, ишларимиз ечим топмади. Бизнинг хатомиз туман ҳокимлигининг ваъдаларига ишониб, уй-жойимизни бузишларига рози бўлганимиз бўлди, “Олдин бизга беринг, кейин биз берамиз” қабилида иш тутганимизда, уч йилдан ортиқ сарсон-саргардонликда юрмаган бўлар эканмиз.

Шу давр ичида Юнусобод туманида уч марта ҳоким ўзгарди, ҳокимликнинг ҳозирги ходимларининг ҳам аксарияти янги келган. Тумандаги мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам алмашиб кетганлиги сабабли менинг уйим бузилиши жараёнида қатнашган раҳбар ва ишчи ходимлар, менга ваъда берган инсонлар ҳозир умуман бошқа ишга ўтиб кетган ёки бошқа жойларда. Бугунги кундаги раҳбар ва ишчи ходимлар бу нарсалардан бехабарлиги ишимизни ортга суряпти, керак бўлганда зарур ҳужжатларни топиш, нусха олиш ҳам қийин бўляпти.