Ўзбекистон | 16:26 / 19.08.2021
2332
2 дақиқада ўқилади

Қаршида пневмониядан даволанаётган ҳомиладор аёл қаровсиз қолгани туфайли вафот этгани айтилди. Вилоят ССБ ҳолатга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз туманида яшовчи ҳомиладор аёл вилоят касалхоналаридан бирида кислородга уланган ҳолда тез тиббий ёрдам машинасида икки соат ёрдам берилмасдан қолиб кетгани ҳақида видеолар тарқалди. Мазкур вазият юзасидан Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, видеода акс этган ҳолат вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази биноси олдида бўлган. Ўша ҳолат беморни ушбу шифохонага қабул қилиш эмас, балки шу ерда даволанаётган бемор аёлни бошқа муассасага кўчириш вақтида содир бўлган.

Қайд этилишича, жорий йил 31 июль куни соат 12:15ларда вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида COVID-19нинг оғир кечиши ҳамда пневмония ташхиси билан даволанаётган шаҳрисабзлик, 39 ёшли бемор Я.Н. ҳомиласини туғдириб олиш учун вилоят перинатал марказига ўтказилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео худди шу пайтда, кислородга муҳтож бемор вилоят перинатал марказига тез тиббий ёрдам машинасида шифокорлар кузатувида жўнатилаётган пайтда тасвирга олинган.

Таъкидланишича, бемор чиқарилган пайтда тез тиббий ёрдам машинасидаги кислород таъминоти тизимида фавқулодда носозлик юзага келган. Носозлик бартараф этилгунгача дарҳол узайтиргич орқали кислород концентратори билан беморга кислород бериш ташкил этилган.

Бу вақтда машина ёнида марказ реаниматологи ва тез тиббий ёрдам бригадаси ходимлари беморни назорат қилиб туришган. Бир неча нафар мутасаддилар машинада кислород таъминотидаги носозликни бартараф этиш чорасини кўришган.

«Носозлик ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода айтилганидай 2 соат эмас, балки қисқа муддатда тузатилиб, бемор вилоят перинатал марказига кўчирилган. Бу вазият беморнинг умумий ҳолатига таъсир ўтказмаган. Кўрилган чораларга қарамасдан бемор 3 август куни COVID-19 оғир кечиши, пневмония оқибатида вафот этган», дейилади муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид